Тошкент вилоятида халқаро аэропорт қурилади
Жамият
−
01 Август 13076 2 дақиқа
Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қурилади. Бу ҳақда бугун, 1 август куни Президент Шавкат Мирзиёевга транспорт соҳасидаги йирик лойиҳалар бўйича ахборот берилди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрига авиайўловчилар оқими 2030 йилда 15 миллионга етиши кутилмоқда, лекин бунга ҳозирги аэропортнинг қуввати етмайди. Шаҳар ичида жойлашгани сабабли уни кенгайтириш имкони ҳам йўқ.
“Шу боис Тошкент вилоятида янги халқаро аэропорт қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда хусусий шериклик бўйича хорижий компаниялар таклифлари кўриб чиқилмоқда”, дейилади Президент ахборот хизмати хабарида.
Тақдимотда мутасаддилар ушбу йирик лойиҳанинг барча жиҳатлари бўйича ахборот берган.
Унга кўра, автотранспортлар ҳаракатига қулайлик яратиш мақсадида муқобил йўллар қурилиши ҳам лойиҳалаштирилмоқда. Бу борада инвесторларга жозибадор муҳит яратиш учун “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда ишлаб чиқилган. Шуларга асосланиб, Тошкент билан Самарқанд ўртасида муқобил тезюрар йўл қуриш лойиҳасига бир неча ҳамкор давлатлар компаниялари қизиқиш билдирган.
Мутасаддилар улар билан ўтказилган музокаралар натижалари ва таклифлари ҳақида ҳам ҳисобот берган. Давлат раҳбари ушбу стратегик инфратузилмаларни пухта ўйлаб лойиҳалаштириш ва тезроқ амалий босқичга ўтиш зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент халқаро аэропортининг олдида жойлашган кўприкни янгилаш учун 511 млрд сўм сарфлангани ҳақида хабар берилганди.