Тошкент вилоятида банкир 100 минг доллар билан ушланди
3-саҳифа
−
12:04 1690 2 дақиқа
Тошкент вилоятида банк бўлими бошлиғи 16 гектардан ортиқ ер ва яна 4 гектар майдонни расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилган 4 млн 250 минг доллардан 100 минг долларини олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХ ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида тезкор тадбир ўтказган. Унда нуфузли банклардан бирининг Тошкент вилоятидаги минтақавий маркази Маҳаллабай ва давлат дастурлари билан ишлаш бўлими бошлиғининг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилган.
Аниқланишича, у 2024 йилда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан электрон онлайн аукцион орқали ўз отасига чорвачилик мақсадида фойдаланиш учун ижара ҳуқуқи асосида сотилган, Қуйичирчиқ тумани ҳокимлиги балансидаги 16,05 гектар ер майдонини сотиш эвазига пул талаб қилган.
Бундан ташқари, у ҳокимлик захирасидаги 4 гектар ерни мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг учун харидордан жами 4 млн 250 минг АҚШ доллари сўраган. Тезкор тадбир давомида банк ходими сўралган пулнинг 100 минг АҚШ долларини олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Билдирилишича, ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида “Фарғона сув таъминоти“ АЖ ходими 2 млн сўм эвазига ноқонуний фойдаланилган 8,4 млн сўмлик ичимлик суви бўйича далолатномани йўқ қилиб беришни ваъда қилиб, пулни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланганди.
Live
БарчасиСергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь