Тошкент вилоятида айиқ икки қўйни “қўлтиқлаб” кетди

Жамият

image

Тошкент вилояти Паркент туманида айиқ аҳоли яшайдиган ҳудудга озуқа излаб келди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 сентябрь куни соат 09:30 ларда вилоят Экология бошқармаси Паркент тумани бўлимига туманнинг тоғли ҳудудларидан бири бўлган “Сўқоқ” қишлоғидаги фермер хўжалиги ер майдонига 20 сентябрь куни тунда Тянь-Шань қўнғир айиғи келиб қолгани ҳақида мурожаат келиб тушган. 

Унга кўра, 2023 йилда қиш фасли совуқроқ келгани боис тоғли ҳудудлардаги айрим мевали дарахт ва буталарни совуқ уриб, ҳосил жуда камайиб кетган. Оқибатда айиқ озуқа излаб, аҳоли яшайдиган ҳудудга тушиб келган ва фермер хўжалигига тегишли бўлган 14 бош қўйдан 2 тасини олиб кетган. Бир бош қўй эса яраланган.

Мазкур мурожаатга асосан Экология бошқармаси туман бўлими ходимлари ва “Wildlife” зопитомниги ходимларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойига бориб, ҳолатни ўрганган. Ўрганиш натижасида хўжалик ер майдонида қўйларга мўлжалланган қўра ёғочлари сингани аниқланган. 

Шундан сўнг ушбу ҳудуддаги дала шийпонларида яшовчи 4 та оила 30 дан ортиқ қора мол, қўй ва эчкилари билан бирга ўзларининг яшаш хонадонларига кўчириб юборилган. 

Ўша кундан бошлаб айиқ тушиб келган ҳудуд Экология бўлими, “Wildlife” МЧЖ ходимлари ҳамда Паркент тумани ИИБ нозирлари томонидан доимий назорат қилинмоқда. 

“Ҳозирча ҳеч қандай айиқ ёки бошқа ёввойи ҳайвонлар кузатилмади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти айиқ Паркент қўйлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг