Тошкент вилоятида 1 гектар ерни 33 минг долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

3-саҳифа

image

Тошкент вилоятида 1 гектар ерни фермер хўжалиги раҳбарига 33 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида ҳам 1,5 гектар ерни пулламоқчи бўлган шахс 2 минг АҚШ доллари бўнак пули олаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га хабар берди.

Маълум қилинишича, ИИВ Тезкор қидирув департаменти ва Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Тезкор-қидирув хизмати ходимлари томонидан Бўка туманида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида 1960 йилда туғилган шахс тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбарига ҳокимият захирасидаги 1 гектар экин ер майдонини 33 минг АҚШ долларига сотишга келишгани аниқланган.

Гумонланувчи туман кадастр агентлигида ишловчи танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, келишилган пуллардан бўнак сифатида 10 минг АҚШ доллари ва 6 млн 200 минг сўм пулларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. 

Ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди, 28, 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Шунингдек, Қашқадарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳамда Қашқадарё вилояти прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда Косон туманида тезкор тадбир ўтказилган. Унда пиллачилик хўжалигига тегишли 1,5 гектар ер майдонини 340 млн сўмга сотишга келишиб, ҳокимият идорасида ишловчи танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс, келишилган пуллардан бўнак сифатида 2 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми  билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти ер савдоси ер сотиш Тезкор қидирув

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг