Тошкент вилояти ҳокимиятида ходимлар билан ишдан кейин мажлис ўтказилгани аниқланди

Жамият

image

Тошкент вилояти ҳокимлигининг иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари соат 20:00 да ҳам ишлаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

“Тошкент вилояти хокимлиги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси ходимлари соат 20:00 да ҳеч қандай буйруқ расмийлаштирилмаган ҳолда ўзининг меҳнат фаолиятини олиб бораётганлиги аниқланди. Ушбу ҳолат юзасидан, бошқарманинг тегишли ходимларидан тушунтириш хатлари олинди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шу билан бирга, бошқарманинг ходимлар билан ишлаш ва махсус ишлар бўлими бошлиғидан жорий йилнинг 23 ноябрь куни соат 18:00 га йиғилиш белгилангани ва бу борада ишдан ташқари ишга ходимлар қай тартибда жалб этилаётгани тўғрисида ҳам тушунтиришлар олинган.

“Бунда, бўлиб ўтган йиғилишда туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари ўзларининг розилиги асосида қатнашгани, иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш бўйича ҳеч қандай буйруқ расмийлаштирилмаганлиги маълум бўлди”, дейилган расмий муносабатда.

Вазирлик Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилиши мумкинлиги, 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланишини эслатган.

Бундан ташқари, 125-моддада, иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун сурункасига икки кун давомида тўрт соатдан (меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — бир кунда икки соатдан) ва йилига бир юз йигирма соатдан ортиқ бўлмаслиги лозимлиги белгиланган.

“Ўрганиш якуни билан, Тошкент вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи номига Мехнат кодексининг 130, 157-моддаларига асосида аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан, яъни ходимларни ишдан ташқари ишларга уларнинг розилиги асосида ҳамда иш вақтидан ташқари вақтда ишга жалб этилган ходимларга икки хисса миқдорида ҳақ тўлаб берилиши ёки мутаносиб равишда отгул бериш юзасидан Ёзма кўрсатма киритилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Шунингдек, келгусида келиб чиққан қонунбузилишларни бартараф этиш ва йўл қўймаслик борасида юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тўғрисида Тошкент вилояти хокимлигига тақдимнома киритилган.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда жазони ижро этиш муассасаси ходимлари ярим тунда йиғилишдан қайтаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учраб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент вилояти

Баҳолаганлар

236

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг