Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинланди
Жамият
−
17 Октябрь
6373Отабек Равшанбек ўғли Турсунов Тошкент вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
У тайинловга қадар Вазирлар Маҳкамаси Иқтисодиёт, саноат, молия-банк, солиқ, давлат активлари, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритаётган эди.
Маълумот учун, Отабек Турсунов 1984 йилда Андижон вилояти Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 2007 йилда Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтини тамомлаган. У илк меҳнат фаолиятини Андижон шаҳар “Саноат қурилиш темп” МЧЖ таъминотчиси вазифасидан бошлаган. Фаолияти давомида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида масъулиятли лавозимларда ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ботир Алимбеков лавозимидан озод этилганди. Алимбеков Тошкент вилояти қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан фойдалана олмагани, тайёр қилиб берилган тизимни ишлата олмагани учун лавозимидан бўшатилган.
Шунингдек, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов ҳам лавозимидан озод этилганди. Муҳиддинов фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги ишларни қониқарсиз олиб бораётгани учун ишдан бўшатилган.
LiveБарчаси