Тошкент шаҳрида яна 24 нафар бемор соғайди. Улар орасида 2 нафар чақалоқ бор
Жамият
−
28 Апрель 2020
5678Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан бир йўла 24 нафар бемор буткул соғайди. Улар орасида 2 нафар чақалоқ ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 28 апрель куни Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, Соғайганларнинг 20 нафари Тошкент шаҳридан, Сурхондарё, Фарғона, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Улардан 5 нафари Туркиядан Истанбул – Тошкент йўналишида, 4 нафари Россиядан Москва – Тошкент йўналишида чартер рейслар орқали келишган ва карантинга олинган. Коронавирус аниқлангач, клиникага ётқизилган.
Шунингдек, қолган 15 нафари коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган. Беморлардан 11 нафари эркак, 13 нафари аёл. Улар орасида энг ёши каттаси 65 ёшда бўлса, 11 ойлик ва 1 ёшли чақалоқлар ҳам бор.
Ҳозирга қадар мамлакатимиз бўйлаб коронавирус инфекциясидан буткул соғайганлар 958 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Бугунгача коронавирус инфекцияси юқтирганлар 1939 нафарни ташкил қилмоқда. Беморларнинг беморларнинг 8 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси