Тошкент шаҳрида яна бир ҳомиладор аёл коронавирусдан соғайди
Жамият
−
30 Апрель 2020
4577Тошкент шаҳрида 7 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Улар орасида ҳомиладор аёл ҳам бор. Бу ҳақда бугун, 30 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан 6 нафар, шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасидан 1 нафар бемор, жами 7 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди“, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайганларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридан, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 2 нафари Россиядан, 1 нафари Туркиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 3 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Шунингдек, шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасида соғайган 29 ёшли ҳомиладор аёл Тошкент шаҳридан бўлиб, жорий йил 26 март куни Туркиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур туғруқ мажмуасига ётқизилган. Сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатди, ҳомиласи эса ривожланиш босқичида.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 350 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 357 нафарни ташкил қилмоқда. Мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1103 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда коронавирус юқтирганлар 2017 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 9 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси