Тошкент метросида поезд нега эшикларини очиб ҳаракатланганига изоҳ берилди
Жамият
−
10 Апрель 2021
11733Аввалроқ, Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги метро поезди “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида вагоннинг эшигини ёпмай ҳаракатлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат бўйича “Тошкент метрополитени” УК мазкур ҳолатга изоҳ бериб, айни пайтда суриштирув ишлари бошланганини маълум қилди.
Таъкидланишича, ҳар бир метро поездида локомотив эшик сигнализацияси мавжуд бўлиб, у поездларнинг очиқ эшиклари билан ҳаракатланишига йўл қўймайди. Бироқ эшикнинг ёпилишига сунъий ҳалал берилганида ёки ёпиш механизмига бирор буюм тушганида автоматик ёпилиш тизими ишламай қолади, чунки бу каби ҳолатларда эшикнинг пневматик магистрали ўчади.
“Вагонда фавқулодда ҳолатлар юзага келган тақдирда йўловчилардан ҳар бир вагонга ўрнатилган “йўловчи-машинист” махсус алоқа аппарати орқали машинистга хабар беришларини сўраймиз. Шунингдек, эшикларга суянмасликни ва автоматик ёпилиш вақтида уни ушлаб қолиб, ҳаракатга тўсқинлик қилмасликларини сўраб қоламиз. Автоматик эшикларни аксарият ҳолларда йўловчилар вагонга сиқилиб кириш ёки кимгадир ёрдам бериш учун ушлаб қолади. Натижада поезд станцияда белгиланганидан узоқроқ қолиб кетиши мумкин”, дейилади изоҳда.
“Тошкент метрополитени” УК, шунингдек, ҳолат бўйича вагон ва станциялардаги видеоёзувлар ўрганилаётгани ва хизмат текшируви ўтказилаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 март куни Тошкент метрополитенининг Чилонзор ва Сергели йўналишлари орасида иккита поезд тўқнашуви содир бўлганди.
Кейинроқ Сергели йўналишида бекатлар ўртасида метро поезди тўхтаб қолди. Оқибатда йўловчилар рельеслар устида ҳаракатланиб, метро бекатига пиёда етиб олди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь