Тошкент кўчаларида йўл қоидасини бузган ҳокимнинг ўғли жаримага тортилди
Жамият
−
01 Октябрь 2020
18908Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Раҳимов пойтахт кўчаларида катта тезликда автомобиль бошқариб кетаётгани, қалтис манёвр қилгани, йўл қоидаларини писанд этмай ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалгани ҳақида хабар берган эдик.
Тошкент шаҳар ИИББ мазкур видеога расмий муносабат билдирди ва автомобиль ҳайдовчиси жаримага тортилганини маълум қилди.
Бошқарма маълумотига кўра, Tracker русумли автомобиль ҳайдовчиси (давлат рақами 01 К 550 ХА) – 20 ёшли Исмоилов Дилшод Усмон ўғли Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида авариявий ҳолатни юзага келтиргани сабабли (видеога туширилган ҳолат) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-5 моддаси иккинчи қисмига мувофиқ жаримага тортилган. Унинг автомобили жарима майдончасига жойланган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотларига кўра, мазкур ҳайдовчи 2019 йилда 8 та ҳуқуқбузарлик содир этганлиги қайд этилган (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини ошириб юбориши”), 2020 йилда ҳам у томондан содир этилган ҳуқуқбузарликлар сони 8 тани ташкил этмоқда (худди ўша модда бўйича, шулардан тўрттасининг жаримаси тўланган).
“Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидалари сизнинг ҳаётингиз ва соғлиғингизни асраш ниятида жорий этилган. Қоидалар менсимасдан, қоидабузарликларингизни ижтимоий тармоқларда намойиш этишингиз билан ёшларга ёмон ўрнак бўлмоқдасиз – бу эса жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Ўз соғлиғингизни асранг. Йўл – ўйингоҳ эмас”, дея огоҳлантирган ИИББ.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь