Олмалиқ шаҳар ҳокимининг ўғли “қовун туширди”ми?
Жамият
−
30 Сентябрь 2020
24987Бугун ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокими Усмон Раҳимовнинг ўғли Дилшод Раҳимов катта тезликда автомобиль бошқариб кетаётгани, қалтис манёвр қилгани, йўл қоидаларини писанд этмай ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги расмий баёнот билан чиқмади, аксинча, Дилшода Аннаева ёзганлари ҳокимликнинг Telegram’даги саҳифасида илова қилинди.
“Бугун ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли билан боғлиқ бўлган фото ва видео кенг муҳокама қилинаяпти. Ҳа, чиндан ҳам машина бошқарувидаги шахс Олмалиқ шаҳри ҳокимининг ўғли, суратдаги ҳам унинг ўзи”, деб ёзади Аннаева.
Қарангки, блогер эркатой ўғилнинг падари – ҳоким Усмон Раҳимов билан боғланган, гаплашган.
“Усмон Раҳимов ҳолат туфайли раҳбарият ва жамоатчилик олдида ниҳоятда пушаймон эканини билдирди.
“Ҳокимнинг айтишича, бу ҳолат аслида бундан беш ой олдин содир бўлган, ўшандан кейин ота ва ўғил жиддий суҳбатлашиб олишган. Жарималар тўланган, қонунни бузган ўғилга чора қўлланилган”, дейди у билан суҳбатлашган Аннаева.
Буёғига блогер асосий мавзу қолиб, ҳокимнинг оммавий ахборот воситалари, блогерлар билан мулоқотини мақтай кетган.
“Юқоридагиларга қўшимча қилиб айтмоқчиманки, Усмон Раҳимов Тошкент вилояти шаҳар ва туманларининг ҳокимлари ичида оммавий ахборот воситалари, блогерлар билан очиқ ва шаффоф ишлаш бўйича энг пешқадам раҳбар. Яқинда ҳам ZOOM платформаси орқали мулоқот қилиб, матбуот анжумани ўтказган эди. Тажрибадан маълумки, ишлаган одам, иш кетаётган ҳудуд раҳбари ОАВдан қўрқмайди, чўчимайди.
У доим ҳар бир мурожаат ва танқидий чиқишга тезкорлик билан муносабат билдиради. Аммо бу сафар баёнот бермасликка қарор қилди ва тўғри тушунишни сўради. Унинг бу жимлигида бугун падари бузруквори давлат ишида, раҳбарлик лавозимида меҳнат қилаётган ўғилларга сўзсиз бир мурожаат бор.
Минг афсус, ҳақиқат шундай – фарзандлар оталар учун жавоб бермайдилар, аммо, оталар фарзандлари учун жавоб берадилар.
Яна бир гап. Ўзини аямай, оиласига вақт ажратолмай ишлайдиган инсонлар ҳамма соҳада бор. Бундай инсонларга баҳо бериш қийин. Чунки, масъулият ва ўз ишига садоқат нуқтаи назаридан шундай талабчанлик билан ишлайдилар.
Аммо, нақд гап шуки, фарзанд тарбиясига етарлича вақт ажратиш отанинг энг биринчи вазифаси – Олмалиқ шаҳри ҳокими Усмон Раҳимовнинг ҳам қалбидан айни пайтда шу фикрлар ўтаётгани аниқ”, деб ёзмоқда блогер.
LiveБарчаси