Тошкент халқаро аэропортида Марказий Осиёда ягона бўлган тизим ишга тушди

Жамият

Статистик маълумотларга кўра, 2023 йилнинг январь ойида 423,7 минг нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда Ўзбекистонга ташриф буюрган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 254,1 минг нафарга ёки 2,5 бараварга кўп. Ўзбекистонга келаётган ва ундан чиқиб кетаётган фуқароларнинг энг катта муаммоси эса бу аэропортдаги кўп сонли текширувлардир. Бу текширувлар кўп вақтни олади ва худди шундай анчагина овворагарчиликка сабаб бўлади. Лекин энди бу овворагарчиликка чек қўйиш мумкин.

Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида Марказий Осиёда ягоналиги айтилаётган халқаро хавфсизлик учиш йўлаги тизими ишга тушди. Бу ҳақда бугун, 17 февраль куни аэропортда бўлиб маросимда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири маълум қилди.

Пойтахт аэропортида жорий этилган муҳим янгилик – бу чегара (божхона) постида йўловчиларнинг инсон омилисиз паспорт назоратдан ўтиш имкониятининг яратилгани бўлиб, ушбу жараёнда йўловчи паспортни сканерлайди, йўлак ўтишга рухсат берганидан кейин камера оқрали шахсини тасдиқлайди. Сўнгра авиация хавфсизлиги назорати зонасига ўтади.

Статистика агентлигининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқароларининг катта қисми саёҳат қилиш мақсадида эмас, асосан Ўзбекистондаги қариндошларини йўқлаш учун келади. Январь ойи мисолида кўрсск, бу туристларнинг 379,6 минг нафарини ёки 90 %ини ташкил қилади. Бунда эса Ўзбекистонга қариндошларини йўқлаш истагидаги чет эл фуқароларининг юклари кўп бўлиши табиийлиги ҳолда юкларни текшириш жараёнлари ҳам йўловчиларнинг ортиқча вақтини олиши каби табиий.

Шу сабабли “Uzbekistan Airports” Тошкент аэропортида электрон чегара назорати тизими билан биргаликда қўл юкларини текшириш учун янги рентген ускуналарини намойиш этди. Бунда юклар махсус қурилмалар орқали текширувдан ўтади ва бу унчалик ҳам кўп вақтни олмайди.

Умумий майдони 935 квадрат метр бўлган авиация хавфсизлиги учун текшириш зонасида 9 та текширув йўлаги тиғиз вақтда 2400 нафаргача йўловчини ўтказиш имконини беради. 

Муҳим янгиликлардан бири шуки, эндиликда йўловчилар пойабзалларни ечмасдан махсус қурилма орқали текширувдан ўтишлари мумкин.

Залда қўл юки ва катта ўлчамдаги юкларни кўриш учун Smiths Detection (Германия) рентген жиҳози ўрнатилди. Кенгайтирилган хавфсизлик чораларини таъминлаш учун Leidos (АҚШ) компаниясининг ProVision2 тана сканерлари ҳам ўрнатилди. Улар йўловчиларни тез ва контактсиз текшириш имконини беради.

“Халқаро сертификатлари мавжуд ушбу тизим Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб Тошкент ва Самарқанд аэропортларида ишга туширилди. Бу дегани, кўрикдан ўтган йўловчини бошқа ҳар қандай халқаро аэропортлар қўшимча текширув стандартлари қўлламаган ҳолда қабул қила олади. Эсласангиз, 5−6 йил олдин Нью-Йоркка ва бошқа Европа мамлакатларига учиш учун бошқа давлатларга қўниб, қайтадан текширувдан ўтишга мажбур эдик. Ҳозир ундай эмас”, дейди аэропорт хавфсизлик қурилмалари бўйича мутахассис, ITV Soft компанияси таъсисчиси Жамшид Раззоқов.

Унинг айтишича, олдин бир соат ичида 60−70 йўловчи текширувдан ўтказилган, ҳозирги тизим билан бу кўрсаткич 180−200 нафарга етади.

Шунингдек, эндиликда йўловчилар суюқлик идишларини очмасдан текширувдан ўтиши имконияти ҳам яратилди. Ёнувчан ва портловчи моддаларни, металл буюмларни аниқлаш имконини берувчи Италия компаниясга тегишли SEIA сканерлари орқали суюқлик идишларини очмасдан ўтиш имкони яратилди.

 

Қолаверса, ҳудудда яна бир Duty Free дўкони, кафе ва дорихона ҳам очилди.

Стерил зонада электрон қурилмаларни қувватлантириш имкониятига эга биринчи коворкинг бурчаги ҳам ташкил этилди. Яқин келажакда терминалнинг турли жойларида яна бир нечта шундай бурчаклар ташкил этиш режалаштирилган.

“Март ойи охирига қадар стерил зонадаги яна бир блок фойдаланишга топширилади, унда кичик меҳмонхона, ҳаммом, таҳорат олиш ва намоз ўқиш хоналари ҳамда Anjir бизнес зали ишга туширилади. Бу мутлақо янги қурилиш бўлиб, аэропорт мажмуасини яна 875 квадрат метрга кенгайтириш имкониятини беради, бу эса халқаро ва трансфер йўловчилари учун қулай шароитлар яратади”, деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

Унинг сўзларига кўра, Тошкент аэропортидаги аэродром мажмуасининг иккинчи учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш ва замонавий ёритиш мосламаларини ўрнатиш жараёни якунланмоқда. Самолётлар учун 35 та турар жой — 3 та янги, 32 та жойни реконструкция қилишни лойиҳалаш эса давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент халқаро аэропорти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг