Тошкент денгизида балиқ овлаб, табиатга 41 млн сўм зарар етказганлар ушланди
3-саҳифа
−
07 Октябрь
6964Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида ноқонуний тарзда балиқ овлаб, табиатга 41 миллион сўм миқдорида зарар етказганлар қўлга тушди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси давлат инспекторлари ҳамда вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан ноқонуний балиқ овлашнинг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирлари ўтказилган. Ўрта Чирчиқ тумани Ўртабўз маҳалласида жойлашган Тошкент денгизи ҳудудидаги рейд давомида С.Ч., И.Н. ва Н.Ж. томонидан сув омборида лескали тўрлар билан ноқонуний равишда балиқ овланаётгани аниқланган. Ўрганиш давомида ҳуқуқбузарларнинг ёнидан жами 116 дона, 42 кг бўлган оқ сила, товон балиқ, зоғора балиқ ҳамда оқ қайроқ балиқлари топилган. Табиатга 41 миллион сўм зарар етказилгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Шунингдек, рейд давомида топилган 3 та қайиқ ҳамда 2 минг метрдан зиёд лескали тўрлар ҳолатга ойдинлик киритилгунга қадар вақтинча сақлаш учун Тошкент вилояти Экология бошқармаси омборхонасига жойлаштирилган.
Билдирилишича, тўпланган ҳужжатлар ҳолатга қонуний баҳо бериш учун фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туман судига юборилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида ўтказилган рейдда уч фуқаро Зарафшон дарёсида электр қармоқ ёрдамида 26 та товон, 8 та оқ амур, 6 та дўнгпешона, 32 та зоғора, 32 та лаққа, 249 та Самарқанд лойхўраги ҳамда 46 та Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Туркистон мўйловдори балиқларини овлагани аниқланган эди.