Тошкент ҳавосида рекорд даражада ифлосланиш кузатилди
Жамият
−
03 Ноябрь
6788Кеча, 2 ноябрдан бугун, 3 ноябрга ўтар кечаси пойтахт Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошди. Бу ҳақда Халқаро IQAir кўрсаткичларида келтирилган.
Унда пойтахтда ҳаво сифати ўта ёмон бўлгани кўрсатилган. Шаҳарда ўрнатилган 32 та станция ҳавода заҳарли заррачалар меъёрдан бир неча баробар ошганини қайд этган. Энг ёмон ҳаво сифатида кеча, 2 ноябрь куни соат тахминан 23:30 атрофида Юнусобод туманида ўрнатилган пишириқлар уйи станциясида 780 мкг/м3 бўлган.
Бу ифлосланишнинг асосий сабаби PМ2.5 заррачаси бўлиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробар кўп бўлган. IQAir платформаси буни хавфли даражада юқори ифлосланиш деб кўрсатиб, очиқ ҳавога ниқобсиз чиқмасликни тавсия қилган. Ҳаво сифати ифлосланиш ҳолати ва манбаси ҳақида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Ўзгидромет расмий саҳифаларида маълумот бермаган.
3 ноябрь соат 10:00 ҳолатига кўра, шаҳар ҳавосида ифлосланиш даражаси 105 мкг/м3 ни кўрсатяпти. Бунда PМ2.5 заррачалари 37 ни ташкил қилган, бу ЖССТ меъёридан 7,4 мартага кўп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ҳаво таркибидаги PМ2.5 заррачалари миқдори ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан қарийб 11 баробарга ошиб кетганди. Тошкент дунёнинг йирик шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича 6-ўринга чиққанди. Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қуруқ иқлим, қумли ва қумлоқ тупроқлар каби табиий омиллар сабаб бўлаётганини инобатга олган ҳолда, Бош прокуратура жорий йилнинг 22 октябрь кунидан бошлаб республика бўйича режавий текшириш тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилганди.