Тошбўрон ва ўлимга ҳукм. Бесоқолбозлик учун энг оғир жазоларни қўлловчи TOP-10 давлат 

Таҳлил 87910
image

Сизга яхши маълум, айни кунларда Ўзбекистонда бесоқолбозлик масаласи кун тартибида турибди. Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентдан янги таҳрирдаги Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлашни сўрамоқда. Айни вақтда мамлакатда бесоқолбозларга нисбатан тоқатсиз муносабат авж олган. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам Жиноят кодексида бесоқолбозликка ва унинг тарғиботига нисбатан чораларни кучайтириш таклифи билан чиқди

Айни вақтда Қодировнинг ушбу таклифи жамоатчилик томонидан катта олқишлар билан қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса жаҳоннинг бошқа мамлакатларида бесоқолбозлик учун қандай жазо чоралари қўлланилади деган саволга йўл очади? Бугун шу ҳақда гаплашамиз.  

ЛГБТ дунё учун янгилик эмас. У аллақачон ёқимсиз меҳмон каби кўплаб давлатлар эшигини қоқиб улгурган. Бунга нисбатан баъзи мамлакатлар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш керак деб, ЛГБТга дастурхон солган бўлса, бошқа бирлари кескин қонуний чоралар билан курашмоқда. Қуйида бесоқолбозликка нисбатан ўлим жасози каби ўта оғир қонуний чоралар кўрувчи давлатларнинг 10 таси ҳақида сўз боради. 

Нигерия

Африканинг марказида жойлашган Нигерия ЛГБТ ҳамжамияти аъзолари учун энг хавфли мамлакат деб ҳисобланади. Ушбу давлатда гейликка тарғиб қилиш, жамиятни бундай ёт ғоялар билан заҳарлаш у ерда турсин, гей бўлгани учун ҳам энг камида 14 йиллик қамоқ жазосига тортилади. Ҳатто, Нигериянинг баъзи штатларида бесоқолбозлик учун ўлимга ҳам ҳукм қилинади. Бу ерда ЛГБТ ҳақ-ҳуқуқларини муҳокама қилиш қонун билан тақиқланган ва бу учун жиноий жавобгарлик бор.

Қатар

Ушбу нефтга бой Яқин Шарқ мамлакатида, ҳар қандай гомосексуализм учун шариат қонунларига биноан уч йилгача қамоқ, қамчи билан савалаш ва ҳатто ўлим жазосига ҳукм қилиш чоралари мавжуд.  2022 йилги Жаҳон чемпионати Қатарда бўлиб ўтиши муносабати билан ушбу давлатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони ошиши кутилмоқда. Шу боис инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар ушбу турнир давомида мамлакатда мавжуд ЛГБТга қарши қонунларни тўхтатиб туришни муҳокама қилди, аммо Қатар ҳукумати бу ташаббусни бутунлай рад этган.

Яман

Яманда бесоқолбозлик учун 100 дарра қамчи зарбаси ва қамоқ жазоси мавжуд. Бундан ташқари, агар турмуш қурган эркак шу иш билан шуғуллангани маълум бўлса, тошбўрон қилиш орқали ўлдирилади. 

Саудия Арабистони

Саудия Арабистони гомосексуализм учун ўлим жазоси белгиланган яна бир давлатдир. Эркаклар ўзларини аёллар каби тутса ёки аёллар либосини кийса, бу учун 100 дарра қамчи ёки бир йилга мамлакатдан бадарға қилиш жазоси қўлланади. Бундай жазо чоралари, аксинча, эркак бўлишни истаб қолган аёлларга нисбатан ҳам белгиланиши мумкин. 

Танзания

Шарқий Африканинг ушбу мамлакатида ҳар қандай гомосексуал ҳаракат учун 30 йилдан тортиб, умрбод қамоқ жазосигача ҳукм қилиниши мумкин. Танзанияда ЛГБТ тарафдорларининг ҳар қандай ҳаракати репрессиялар билан бостирилмоқда. 

Эрон

Эрон ҳам бесоқолбозлик учун ўлим жазоси қўлланиши мумкин бўлган давлатлар қаторида туради. Бу давлат шариат қонун-қоидалари асосида яшайди ва ушбу масалага ҳам Эроннинг муносабати шариат бўйича белгиланган. Жумладан, мамлакат Жиноят кодексининг 114-моддасига кўра, агар эркак бошқа эркаклар билан тўрт маротаба жинсий яқинлик қилганини тан олса, шунда унга нисбатан ўлим жазоси қўлланади. Агар бундай бир жинсли алоқанинг сони тўрттадан кам бўлса, жазо ҳам енгилроқ яъни 100 дарра қамчи билан уриш ёки қамоққа ташлаш билан чекланади. 

Судан

Ушбу давлатда ҳам безосоқолбозлик учун ўлимга ҳукм қилишлари мумкин. Мамлкат Жиноят кодексининг 148-моддасига кўра, аёл бошқа аёл билан ёки эркак бошқа эркак билан жинсий алоқага киришса, бу учун дастлаб 100 дарра қамчи зарбаси ва 5 йилгача қамоқ жазоси берилади. Агар ушбу ҳолат иккинчи маротаба такрорланса, юқоридаги жазолар билан яна қайта "сийланади". Учинчисида барчаси жиддийлашади: ўлимга ёки бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм қилинади.  

Барбадос

Кариб денгизи ҳавзасида жойлашган ороллардан ташкил топган Барбадосда ҳам бесоқолбозлик қонун билан тақиқланган. Ушбу давлатда эркак бошқа эркак билан яқинлик қилса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Малайзия

Гомосексуализм ушбу давлатда нафақат қонун билан тақиқланган ва жиноят ҳисобланади, балки жамиятнинг ўзи ҳам ЛГБТга қарши. Малайзияда бесоқолбозлик учун 20 йил қамоқ жазоси, жарима солиниши, қамчи билан бел соҳасига зарбалар берилиши ҳамда мамлакатдан чиқариб юбориш белгиланган. 

Мавритания

Ушбу давлат гомосексуал муносабатлар жиноят ҳисобланган 66 мамлакат қаторига киради. Бу ерда бесоқолбозлик учун ўлим жазосига ҳукм қилинади. Мамлакат Жиноят кодексининг 308-моддасига кўра, бундай ишлар учун ўлим жазоси тошбўрон қилиш орқали амалга оширилади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4129
Рейтинг: 3
t
×