“Толибон” етакчисини ҳибсга олишга ордер берилди
Олам
−
08 Июль 28001 3 дақиқа
Халқаро жиноий суд (ХЖС) Афғонистондаги вазиятни тергов қилиш доирасида “Толибон” муваққат ҳукумати олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Афғонистон бош судьяси Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақдаги суд қарори ташкилот томонидан эълон қилинди.
Суд Охундзода ва Ҳаққонийни инсониятга қарши жиноятлар, хусусан, жинсга асосланган таъқиб қилишни буюрган, рағбатлантирган ёки ундаган деб топди. Ушбу жиноятларнинг қурбонлари қизлар, аёллар ва “Толибон”нинг жинсий алоқа, гендер идентификатори ёки ифодаси бўйича сиёсатига мос келмайдиган” шахслар эди. ХЖСнинг таъкидлашича, сиёсий таъқиблар “қизлар ва аёлларнинг иттифоқчилари” деб ҳисобланган шахсларга қаратилган.
Суд хулосасига кўра, бу ҳаракатлар Афғонистонда 2021 йилнинг августида “Толибон” ҳокимият тепасига келган пайтдан бошлаб содир бўлган ва камида 2025 йилнинг 20 январигача давом этган. ХЖСга кўра, аёллар ва қизлар тизимли равишда, жумладан, уларнинг таълим, шахсий ва оилавий ҳаёт, ҳаракат эркинлиги, сўз, виждон ва диний эътиқод ҳуқуқларини чекловчи фармонлар орқали таъқибга учраган.
ХЖС шунингдек, “Толибон” сиёсати бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келганини таъкидлаган: қотилликлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар, зўрлаш ва зўрлаб ғойиб бўлиш.
Шунингдек, таъқиблар нишони сиёсий мухолиф ҳисобланган шахслар, жумладан, “Толибон” сиёсатига шунчаки пассив қаршилик кўрсатганлар бўлгани қайд этилган.
ХЖС прокурори январь ойида Ҳайбатуллоҳ Охундзода ва Абдулҳаким Ҳаққонийни ҳибсга олиш учун ордер беришни сўраган ва ўшанда “Толибон” ҳаракатининг бошқа юқори мартабали аъзоларига нисбатан қўшимча сўровлар тез орада юборилиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Маълумот учун, 2023 йилнинг март ойида ХЖС Россия Президенти Владимир Путин ва Россиядаги Болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган. 2024 йил 21 ноябрда ХЖС Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторидаги ҳаракатлари учун ҳибсга олишга ордер берди. Шунга қарамасдан, Рим статутни ратификация қилган Монголия Путинни, Венгрия эса Нетаньяхуни ўз ерларида илиқ кутиб олди ва ХЖСнинг уларни ҳибсга олиш бўйича ордерини бажармади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси Афғонистондаги вазиятга оид 11 саҳифалик резолюцияни маъқуллаганди. Унда мамлакатдаги аёл-қизлар билан боғлиқ вазият кескин қораланади. Якуний овоз беришда 116 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган, 2 давлат қарши чиққан. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Ғарб давлатлари орасида АҚШ якка ўзи “қарши” овоз берган. “Қаршилар” орасида Исроил ҳам бор. Минтақавий давлатлар, жумладан Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон овоз беришдан тийилган (бетараф қолган).
Live
Барчаси