Россия “Толибон” ҳукуматини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди

Олам

image

Россия Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Бу ҳақда кеча, 3 июль куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, ТАСС давлат ахборот агентлиги хабар берди.

“Москва Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди”, дейилади хабарда.

“Reuters” агентлиги ҳам Россия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Москва Афғонистоннинг янги элчисининг ишонч ёрлиқларини қабул қилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда “янги туртки” бўлишига умид билдирганини ёзди.

“Толибон” ҳаракати 2021 йилда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери илк бор Афғонистоннинг Москвадаги элчихонаси устидан ўрнатган байроқ ўрнатилди”, деб ёзади ТАСС.

Давлат агентлиги, шунингдек, Россиянинг Қобулдаги элчиси Дмитрий Жирновга таяниб, “Толибон” ҳукуматини тан олиш тўғрисидаги қарор Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров таклифи билан Россия Президенти Владимир Путин томонидан қабул қилингани ҳақида хабар берди.

Апрель ойида Россия Федерацияси Олий суди “Толибон” ҳаракатининг Россиядаги фаолиятини тақиқлашни тўхтатди. Деярли бир йил аввал, 2024 йилнинг май ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Путинга шундай таклиф билан мурожаат қилган эди. 2024 йил декабрида Владимир Путин “Толибон”ни Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бунгача Россияда рўйхатдан чиқариб ташлаш механизми йўқ эди.

“Толибон” ҳаракати 2003 йилда Россияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. 2021-йил августида Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин у ҳокимиятни қўлга олди. 

Ўшандан бери “Толибон” вакиллари мунтазам равишда Россияга боради. Путин бу ҳаракатни Москванинг терроризмга қарши курашдаги “иттифоқчиси” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Россия Толибон Ислом Амирлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг