“Толибон” вакиллари ўзини танитиш ва тан олдириш учун Женевага борди

Олам

image

Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати делегацияси 6 февралдан буён Европа давлати ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари билан музокаралар ўтказиш учун Швейцарияда бўлиб турибди. Бу ҳақда  Швейцария ТИВ хабар бермоқда. 

Ташриф дастуридан “Толибон” ҳаракатининг халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашуви ҳам ўрин олган.  

“Толибон” делегацияси Швейцариянинг “Geneva Call” нодавлат ташкилоти таклифига биноан ушбу мамлакатга ташриф буюрган.  

Музокаралар 11 февралгача давом этиши кутилмоқда. 

Томонлар “Толибон” муваққат ҳукуматининг қонунийлиги ва тан олиниши масалаларини муҳокама қилади. 

Айни пайтда Афғонистондаги гуманитар вазият оғирлашиб бормоқда. 

“Толибон”га гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласи Женевада Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва бошқа гуманитар ташкилотлар вакиллари билан муҳокама қилинади. 

“Толибон” делегацияси Женевага ташрифи олдидан Норвегия пойтахти Ослода бўлиб, у ерда АҚШ ва Европа Иттифоқига аъзо давлатлар вакиллари билан учрашган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири “Толибон” халқаро ҳамжамият қўяётган талабларни бажариши шартлигини маълум қилганди. 

Маълумот ўрнида, 2021 йил август ойи бошида “Толибон” афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумни кучайтирди. Ҳаракат 15 август куни Қобулга кириб келди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Қобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди. 31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Қобул аэропортини тарк этиб, АҚШнинг Афғонистондаги қарийб 20 йиллик ҳарбий фаолиятига якун ясади. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди, унга “Толибон”нинг биринчи ҳукмронлиги даврида ташқи сиёсатга масъул бўлган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида қолаётган Муҳаммад Ҳасан Охунд раҳбар бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон

Баҳолаганлар

162

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг