“Толибон” берган ваъдаларини бажариши шарт – Абдулазиз Комилов
Интервью
−
08 Февраль 2022
20700Афғонистонда “Толибон” ўрнатган муваққат ҳукумат ўз ваъдаларини бажариши шарт. Булар ҳамжамият қўяётган талаблар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Латвия Ташқи ишлар вазири Эдгарс Ринкевичс билан Тошкентда ўтган учрашув якунлари бўйича матбуот анжуманида сўз очди.
Вазир ўз нутқида Афғонистон муаммосини ҳал этиш Ўзбекистон ва Латвия ўртасидаги муносабатларга тўхталди.
“Биз Латвия Ташқи ишлар вазири билан Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдик. Албатта, Латвия НАТО ва Европа Иттифоқи доирасида Афғонистон билан боғлиқ муайян мажбуриятларга эга. Бироқ ўтган йиллар шуни кўрсатдики, ҳатто ушбу мажбуриятлар доирасида ҳам Латвия ҳар доим оқилона, амалий, пухта ўйланган, турли мафкуралардан холи ёндашувни намоён этиб келмоқда. Шу боис латвиялик дўстларимиз билан бу масалада мулоқот қилиш биз учун доим ёқимли ва фойдали бўлиб келган. Бўлиб ўтган музокаралар чоғида ҳам биз Латвия делегациясига Афғонистон масаласида Ўзбекистон позицияси ва ёндашувлари ҳақида маълумот бердик”, дейди вазир.
Унинг қайд этишича, Афғонистон муваққат ҳукуматини тан олиш томонларнинг ҳаракатлари эвазигагина амалга ошади. Бу ўринда Афғонистон муваққат ҳукумати халқаро ҳамжамият талабларини бажариши, халқаро ҳамжамият эса бажарилган талаблар эвазига Афғонистон Ҳукуматини рағбатлантириб бориши керак.
“Бугун Афғонистонда мутлақо янги воқелик шакллангани ҳақиқат. Албатта, ушбу давлат муваққат ҳукуматини тан олиш ёки тан олмаслик борасида турлича ёндашувлар мавжуд. Ҳукуматни тан олиш масаласи – икки томонлама ҳаракатлар эвазигагина амалга ошиши мумкин. Яъни, олдинга силжиш керак: муваққат ҳукумат ўз ваъдаларини бажариши шарт (ва улар жуда кўп). Булар халқаро ҳамжамият қўяётган деярли ўша шарт ва талаблардир.
Бошқа томондан эса халқаро ҳамжамият Афғонистонда амалга оширилаётган ҳар қандай ижобий қадам ва ўзгаришларни рағбатлантириши керак. Бу ҳукумат билан ишлаш, мулоқот қилиш, таъсир ўтказиш, халқаро ҳамжамиятнинг ёндашувлари ва шартлари ҳақида маълумот бериш керак. Шу тариқа қарашларни яқинлаштириш, ўзгаришларни яхши томонга буриш мумкин”.
Комилов Ўзбекистон энг оғир даврларда ҳам Афғонистон вакиллари билан алоқаларни тўхтатмагани, бугун эса савдо-иқтисодий ҳамкорликни давом эттираётганини урғулади.
“Ташқи ишлар вазири тимсолида Латвия томони ҳам, Европа Иттифоқи раҳбарияти, жумладан, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ҳам якдил фикр билдирмоқда, яъни бугунги кундаги асосий вазифа – Афғонистонда гуманитар ҳалокатнинг олдини олишдир. Вазиятнинг кескинлашиши жамиятда радикаллашув, турли гуруҳлар ўртасида тўқнашувлар, эктремизм кучларининг кучайишига олиб келиши мумкин”, дейди Ўзбекистон Ташқи идораси раҳбари.
Комиловнинг фикрича, бугун муваққат ҳукумат позицияси халқаро ҳамжамият, жумладан Тошкент позицияси билан ҳамоҳанг. Унинг қайд этишича, ҳукумат мамлакатни террорчилардан тозалаш учун кўплаб чораларни амалга оширмоқда.
“Ўзбекистон ва Латвиянинг Афғонистон масаласидаги умумий манфаатлари халқаро ҳамжамият манфаатлари билан ҳамоҳангдир. Бу эса, айни пайтда қанчалик ғайритабиий туюлмасин, Афғонистон муваққат ҳукумати позициясига ҳам мос келади. Ушбу ҳукумат мамлакатни террорчилардан тозалаш учун кўплаб чораларни амалга оширмоқда. Улар минтақавий ва халқаро иқтисодий ҳамжамиятга интеграциялашиш истагини билдирмоқдалар. Биз ушбу саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришимиз ва қўллаб-қувватлашимиз лозим. Шу билан бирга, ўз шартларимизга амал қилиниши, зўравонликка йўл қўймаслик, терроризмнинг бартараф этилиши, Афғонистон халқи учун муносиб яшаш шарт-шароитлари яратилишини талаб қилишимиз зарур.
Гуманитар фалокатнинг олдини олиш борасидаги ишларнинг муҳим жиҳатларидан бири Ўзбекистон томонидан ташкилий-техник ёрдам кўрсатилаётганидир. Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан чегара ҳудуди инфратузилма имкониятларидан фойдаланган ҳолда Афғонистонга инсонпарварлик юкларини ташкиллаштирилган равишда йетказиб бериш учун Термиз шаҳрида кўп функсияли халқаро транспорт хаби аллақачон ташкил этилди. Ушбу марказни таъсис этиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлагани учун Латвия томонига миннатдорлик билдирамиз”, дейди Комилов.
Вазирга кўра, Афғонистон бўйича етарли тажрибага эга бўлган Латвия Тошкентнинг ўзаро саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида Афғонистон масаласи бўйича Ўзбекистон билан мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиш истагини билдирган.
“Чунки Афғонистон билан боғлиқ кўплаб масалаларда ёндашувларимиз муштаракдир”, дея сўзига якун ясайди Комилов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь