“Толибон” вакиллари Теҳронда ҲАМАС етакчиси билан учрашди
Олам
−
24 Май
6908Эрон президенти Иброҳим Раисий вафоти муносабати билан Теҳронга борган “Толибон” делегацияси ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония билан учрашди. Бу ҳақда “Hasht-e Subh Daily” хабар берди.
“Теҳронда бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар ва ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий ҲАМАС сиёсий идораси раҳбари Исмоил Хония билан учрашган”, дейилади хабарда.
Учрашувда нималар муҳокама қилингани ҳақида расмий маълумот йўқ. “Толибон” маваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазирилиги расмийси Ҳофиз Аҳмад учрашувдан суратлар эълон қилган, холос.
Шунингдек, “Толибон” вакиллари Қатар Амири шейх Тамим бин Хамад Ол Соний билан ҳам учрашган. Бироқ улар қайси масалани муҳокама қилгани маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, 22 май куни Эрон пойтаҳти Теҳронда президент Раисий ва ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён билан видолашув маросими бўлиб ўтганди. Унда 60 га яқин хорижий делегациялар, жумладан 10 нафари давлат раҳбарлари даражасида, 20 нафари вазирлар даражасида иштирок этган эди. Ўзбекистон делегациясига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ва Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилик қилди.
Маъмура Тўраева