“Толибон” Ўзбекистонга 16 та юк машинасида мармар ҳадя қилди
Жамият
−
14 Май 13393 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Самарқанд шаҳрида қурилаётган Имом Бухорий мажмуаси учун 16 та юк машинасида мармар ҳадя қилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 13 май куни Термиз халқаро савдо марказида учрашув бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдул Восе ҳамда Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо раҳбарлигидаги делегациялар иштирок этган.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик, жумладан, савдо, транспорт, гуманитар ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Учрашув якунида Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуаси қурилиши учун юборилган 16 та юк машинасидаги Ҳирот оқ мармари Ўзбекистон томонидан қабул қилиб олинган.
“Бундай амалий ҳамкорлик икки биродар халқ ўртасидаги тарихий яқинлик, ўзаро ҳурмат ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътиборга сазовардир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга беғараз равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан сараланган, юқори сифатли ва об-ҳаво шароитларига чидамли, сертификатланган 5 тонна чигит (200 гектар ер майдони учун), 20 тонна шоли (100 гектар майдон учун), 500 килограмм мош (25 гектар учун), шунингдек, 187 килограмм сабзавот уруғлари ва 600 килограмм полиз экинларининг уруғларини топширганди.