“Толибон” тўй маросимларини ўтказишнинг янги қоидаларини жорий қилди

Олам 45124
image
-

“Толибон” Афғонистонда тўй маросимларини ўтказишнинг янги қоидаларини жорий қилди. Унга кўра, эндиликда тўйларда жонли мусиқа айтиш тақиқланади. Эркак ва аёллар турли залларда байрам қилади. Бу ҳақда Афғонистон халқаро ташкилоти хабар бермоқда. 

Қайд этилишича, янги қоидалар Аёллар ишлари вазирлиги ўрнига тузилган Ислом йўналиши вазирлиги томонидан тўйлар учун меҳмонхона ассоциацияси вакиллари билан учрашувда белгилаб берилган.

Янги қоидаларга кўра, энди эркак ва аёллар турли залларда байрам қилади. Шунингдек, улар биргаликда рақсга тушиши ва мусобақаларда қатнашиши мумкин эмас. Бундан ташқари, тантаналарда спиртли ичимликлар тақиқланган, аёллар учун мўлжалланган залга фақат қариндош эркаклар кириши мумкин, халос.

“Кеча биз толиблар билан учрашув ўтказдик. Улар меҳмонхоналарда тўй маросимларини ўтказишни чеклади. “Толибон” қўйган чеклов сабаб меҳмонхоналар хароб бўлиши аниқ”, дейди учрашувда қатнашган меҳмонхона эгаси.

Одатда, Афғонистондаги тўйлар жонли мусиқаларсиз ўтмаган. Аксарият афғонлар шу орқали пул топган. Аммо янги қоидалар уларни иқтисодий томондан анча қийнаб қўйиши мумкин.

“Тўйларда жонли мусиқа айтиш Афғонистондаги кўплаб ёш қўшиқчилар ва мусиқачилар учун даромад манбаи бўлган. Энди улар молиявий қийинчиликларга дуч келиши муқаррар”, дейди меҳмонхона раҳбарларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бу вақтга қадар НАТОга аъзо мамлакатлар ҳам ўз ҳарбий қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетди.  Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни қаршиликсиз эгаллаб олди. Президент Ғани мамлакатни тарк этди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни эса “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1363
Рейтинг: 2.9
t
×