“Толибон” сўнгги ойларда Афғонистонда қанча одам ўлдиргани маълум бўлди
Олам
−
04 Август 2021
16596Охирги ойларда “Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистонда уч мингдан ортиқ одамни ўлдирган. Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар қўшни давлатлар элчилари ва вакиллари билан учрашувда айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, толибларнинг ҳужумлари натижасида 300 мингдан зиёд афғон ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, мамлакат ҳудудларининг ярмида тартиб ва хизмат кўрсатиш бузилган.
“Ҳозирги вақтда 18 миллион одам оғир гуманитар вазиятда”, деган вазир.
Қайд этилишича, учрашув давомида Ташқи ишлар вазири дипломатлар билан олтита муҳим мавзуни муҳокама қилган: хавфсизлик ҳолати, “Толибон” сафида чет эллик жангарилар мавжудлиги, оғир гуманитар вазият, жангарилар томонидан жиноятлар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши, ҳукуматнинг хавфсизлик режаси ва халқаро ҳамкорлик.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон ҳукумати “Толибон” ҳаракати билан тинчлик ўрнатишга тайёрлигини, лекин ҳукуматнинг бир қанча шартлари борлигини маълум қилганди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси