“Толибон” сафида тозалаш: 200 киши ҳаракатдан ҳайдалди

Олам 9492
image

“Толибон” жангарилари ўз ваколатларини суиистеъмол қилган 200 га яқин одамни ҳайдаб юборди. Бу ҳақда РИА Новости толиблар томонидан тузилган комиссияга асосланиб, хабар берди.

Октябрь ойида Афғонистон Ички ишлар вазирлиги вакили Қори Саид Хости “Толибон” томонидан тайинланган Афғонистон муваққат ҳукумати ўз сафларини порахўр ва нолойиқ шахслардан тозалаш учун комиссия тузганини айтди. Янги комиссия учта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган – Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик бошқармаси ходимларидан ташкил этилган. Комиссия аъзолари бир қатор ҳолларда ўзлари аниқлаган коррупционерларни куч ишлатиш орқали давлат органларидан чиқариб юбориши мумкин.

“200 га яқин одам уларнинг (“Толибон” – таҳр.) сафидан чиқариб юборилди ва бу жараён давом этмоқда”, деган комиссия аъзоси.

Хостининг баёнотида гап қариндошлари орқали мансабга келганлар, жиноятчилар, шубҳали ўтмишга эга шахслар ва маҳаллий аҳолининг нафратига сабаб бўлувчи амалдорлар ҳақида кетаётганини айтганди.

Комиссиядаги манбанинг айтишича, ҳайдаб юборилган 200 киши Афғонистонда ўз мансабини суиистеъмол қилган ва “Толибон” номидан ўз мақсадларида фойдаланган одамлардир. Ҳозирда “Толибон” гумонланувчиларни тергов қилмоқда.

Манба комиссия тузилиши билан шаҳарларда тартиб ва интизом яхшиланганини қўшимча қилган.

Маълумот учун, август ойи бошида “Толибон” Афғонистон ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини кучайтириб, 15 августда Қобулга кирди ва эртаси куни уруш тугаганини эълон қилди. Август ойининг сўнгги икки ҳафтасида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлган Қобул аэропортидан Ғарб фуқаролари ва улар билан ҳамкорлик қилган афғонлар оммавий эвакуация қилинди.

31 августга ўтар кечаси америкалик ҳарбийлар Қобул аэропортини тарк этди. Шу билан АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик миссияси якунланди. Сентябрь ойи бошида Афғонистон муваққат ҳукумати таркиби эълон қилинди, унга биринчи “Толибон” ҳукмронлиги даврида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва 2001 йилдан бери БМТ санкциялари остида бўлган Муҳаммад Ҳасан Охунд бош бўлди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 191
Рейтинг: 3
Теглар
t
×