“Толибон” операция пайтида эркак ва аёллар бирга ишлашини тақиқлади
Олам
−
18 Февраль 447 2 дақиқа
Жорий йилнинг 10 февраль куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ўқув шифохоналарида операция жараёнида эркак ва аёл тиббиёт ходимларининг бирга ишлашини тақиқлаш бўйича кўрсатма берди. Бу ҳақда “Afganistan Internatioal” хабар берди. https://www.afintl.com/en/202602161259
Хабарга кўра, жарроҳлик амалиётидаги шифокорлар фақат эркаклардан ёки фақат аёллардан иборат бўлиши керак – аралаш ходимларга рухсат берилмайди. Шунингдек, жарроҳлик учун ходимларни танлашда беморнинг жинси инобатга олинмайди.
Ушбу кўрсатма барча ўқув шифохоналарига татбиқ этилган. Янги тартиб Афғонистон соғлиқни сақлаш тизимида етарли ва стандарт даражадаги хизмат кўрсата оладими, деган хавотирларни кучайтирган.
Соғлиқни сақлаш соҳаси кузатувчиларига кўра, мамлакатда аёл тиббиёт мутахассислари етарли эмас, бу эса мазкур кўрсатмани амалда қўллашни қийинлаштириши мумкин.
Акушерлик ва гинекологиядан ташқари йўналишларда Афғонистонда аёл мутахассислар сони ниҳоятда кам. Мамлакатда атиги 2-3 нафар аёл нейрохирург ҳамда 5-6 нафардан ошмайдиган аёл қулоқ, бурун ва томоқ мутахассислари бор. Шунингдек, ортопедия ва пластик жарроҳлик соҳаларида ҳам аёл мутахассислар етишмаслиги кузатилган.
Маълумот ўрнида, 2024 йил декабрь ойида “Толибон” қизлар учун олий ва ўрта махсус тиббиёт таълим муассасалар фаолиятига рухсат бермаган. Бу эса аллақачон аёл тиббиёт ходимлари танқислиги кузатилаётган мамлакатда жиддий хавотирларга сабаб бўлган.
Шунингдек, “Толибон” 2021 йилда ҳокимиятга келганидан бери олтинчи синфдан юқори қизлар учун мактаблар ҳамда университетларни ёпиқ ҳолда сақлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда бир миллиондан ортиқ қиз таълим олишдан маҳрум қилингани хабар қилинган эди.
Эъзоза Олимова
Live
БарчасиАрманистонда отишма юз берди. Қурбон бор
18 Февраль