Афғонистонда бир миллиондан ортиқ қиз таълим олишдан маҳрум бўлди
Олам
−
22 Март
5698Жорий йилнинг 20 мартидан Афғонистонда "қизларсиз ўқув йили" бошланди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, бу йилги ўқув йилидан бошлаб 1 миллиондан ортиқ қизлар таълим ҳуқуқидан маҳрум қилинган. 5 миллионга яқин бола эса "Толибон" ҳокимиятни эгаллашидан олдин шароит йўқлиги ва бошқа сабабларга кўра, мактабларга боришни тўхтатгани тахмин қилинмоқда.
"Толибон" таълим вазирлиги янги ўқув йилининг қандай бошланаётганини ўрганиш учун аёл журналистларнинг иштирок этишига ҳам рухсат бермаган.
“Опа-сингиллар учун мос жой йўқлиги сабабли, аёл мухбирлардан узр сўраймиз”, дейилган журналистларнинг хатларига жавобан.
Маросим чоғида Толибон Таълим вазири Ҳабибулла Оға вазирлик имкон қадар диний ва замонавий фанлар таълим сифатини оширишга ҳаракат қилаётганини айтган. Шунингдек, талабаларни Ислом ва афғон тамойилларига зид кийим кийишдан сақланишга чақирган.
"Толибон"нинг мартабали вакили Абдул Салам Ҳанафийнинг айтишича, мамлакатнинг барча чекка ҳудудларида таълимни кенгайтиришга ҳаракат қилинмоқда.
Нашрга кўра, дастлаб мўътадилроқ тартиб ваъда қилинганига қарамай, гуруҳ 2021 йилда Қўшма Штатлар ва НАТО кучлари мамлакатдан қувиб чиқарилиши ортидан қўйилган қаттиқ чоралар доирасида, аёлларга олий маълумот олиш, боғлар, жамоат жойларида ишлашни тақиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ёз ойларида Афғонистондаги университет профессорлари, аёл ҳуқуқлари фаоллари ва дин арбоблари мамлакатда қизлар учун мактаб ва университетларни қайта очиш учун “Афғон қизлари таълими” кампаниясини бошлаган эди.
LiveБарчаси