“Толибон” ОАВга тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқламоқчи
Олам
−
15 Октябрь
2776Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати оммавий ахборот воситаларига тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқловчи қонун жорий қилмоқда. Бу ҳақда NDTV хабар бермоқда.
Янги қонун оммавий ахборот воситалари учун бир қатор қоидаларни ўз ичига олади.
Муваққат ҳукуматнинг ахлоқ вазирлиги оммавий ахборот воситаларига барча тирик мавжудотлар тасвирини чоп этишни тақиқловчи қонуннинг кучга кириши босқичма-босқич амалга оширилиши ҳақида хабар берган. Яхшиликни тарғиб қилиш ва ёмонликни олдини олиш вазирлиги вакили Сайфул Ислом Хайбарнинг AFP’га маълум қилишича, қонун бутун Афғонистонга тегишли ва расмийлар тирик мавжудотлар тасвирлари ислом қонунларига зид эканлигига одамларни ишонтириш устида ишлайди.
Шунингдек, Сайфул Ислом Хайбарнинг таъкидлашича, қонун ижросида мажбурлашга ўрин йўқ.
“Бу шунчаки маслаҳат бўлиб, бу одамларни бундай нарсалар ҳақиқатан ҳам шариатга (қонунга) зид эканлигига ва улардан сақланиш кераклигига ишонтиришга қаратилган”, дейди Хайбар.
Яна бир жиҳат шундаки, “Толибон” расмий вакиллари ҳам ҳалигача ижтимоий тармоқларда одамларнинг суратларини мунтазам равишда жойлаштиришни давом эттирмоқда.
“Ҳозиргача қонуннинг оммавий ахборот воситаларига оид моддаларига келсак, кўплаб вилоятларда уни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар давом этмоқда, лекин бу ҳамма вилоятларда ҳам бошланмаган”, деди Хайбар.
Бу қонун ижроси Қандаҳор ва қўшни Ҳилманд вилоятида, шунингдек, шимолий Тохарда бошлангани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари Ўзбекистондан Термиздаги умумий бозорда концерт ва мусиқий дастурларни бекор қилишни сўрагани, акс ҳолда Афғонистон фуқароларига ушбу умумий бозорга киришга рухсат этилмаслиги мумкинлиги ҳақида хабар берилганди, аммо Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур хабарларни рад этганди.
LiveБарчаси