“Толибон”нинг Афғонистондаги аёлларга қарши сиёсати гендер апартеиддир – Малала Юсуфзай
Олам
−
07 Декабрь 2023
4754Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Малала Юсуфзай “Толибон”нинг Афғонистондаги аёлларга қарши сиёсатини гендер апартеид деб атади ва халқаро ҳамжамиятни буни инсониятга қарши жиноят деб эълон қилишга чақирди. Унинг сўзларини “Сentralasian.org” келтирмоқда.
“Икки йил аввал Афғонистонда аёллар ишлаб, раҳбарлик лавозимларида, вазирликларда раҳбарлик қилиб, бемалол саёҳат қилишган. Барча ёшдаги қизлар футбол, крикет ўйнашди ва мактабларга боришди. Ҳамма нарса мукаммал бўлмаса-да, тараққиёт бор эди”, дейди Малала Юсуфзай.
Унинг сўзларига кўра, ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳукмдорлари қизлар ва аёлларга мунтазам равишда зулм қилади, аёллар ҳуқуқларини чекловчи 80 дан ортиқ фармон ва буйруқлар қабул қилган, жумладан, қизларнинг ўрта таълим олишини тақиқлаган.
“Мен ҳар бир мамлакат ҳукуматини гендер апартеидини инсониятга қарши жиноят деб эълон қилишга чақираман”, дейди у.
Маълумот ўрнида, бундан 11 йил олдин, ўша пайтда 15 ёшли Малала Юсуфзай Покистондаги “Теҳрик-э-Толибон” жангарилари томонидан мактаб автобусида отилган эди.
Қизларнинг таълим олиши учун курашгани учун нишонга олинган Юсуфзайга қилинган ҳужум Покистон ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам шов-шувга сабаб бўлди.
17 ёшида у ҳиндистонлик болалар ҳуқуқлари фаоли Кайлаш Сатьярти билан бирга 2014 йилда мукофотни қўлга киритиб, тарихдаги энг ёш Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлди.
LiveБарчаси