“Толибон” минтақадаги тартибсизликларда Покистонни айблади

Олам

image

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги таранглик бир йилдан ортиқ вақт давомида сақланиб қолмоқда. Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид Покистоннинг БМТдаги доимий вакили томонидан билдирилган танқидларга жавоб қайтарди. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берди.

Мужоҳид Покистоннинг Афғонистон ички ишларига аралашаётганини айтиб, Исломободнинг Афғонистон ҳудудидан Покистонга қарши фойдаланилаётгани ҳақидаги такрорий даъволарини ҳам рад этган.

Унинг сўзларига кўра, минтақадаги уруш ва беқарорликни айнан Покистон кучайтирмоқда. Мужоҳид Покистонда ИШИД фаолияти ривожлантирилаётганини ва Афғонистонга қарши ҳаракат қилаётган айрим гуруҳлар ҳам шу мамлакат ҳудудида тўпланиб, ташкил этилаётганини иддао қилган.

Аввалроқ, Покистоннинг БМТдаги доимий вакили Осим Ифтихор Аҳмад Афғонистон ҳукуматини халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини етарли даражада бажармаётганликда айблаган. У Афғонистон олдидаги асосий талаблар қаторида инклюзив бошқарувни шакллантириш, инсон ҳуқуқлари, хусусан, аёллар ва қизлар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ҳамда Афғонистон ҳудудидан қўшни ёки бошқа давлатларга қарши фойдаланилишига йўл қўймасликни санаб ўтган.

Аҳмаднинг айтишича, сўнгги беш йил давомида мазкур уч йўналишнинг ҳеч бирида сезиларли ижобий силжиш кузатилмаган, аксинча, вазият ёмонлашган.

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги бир йилдан ортиқ вақт давомида кескинлигича қолмоқда. Минтақа давлатларининг воситачилик ҳаракатларига қарамай, икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларнинг келажаги ҳозирча ноаниқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукумати ИШИД-Хга қарши операциялар ўтказиши ва бошқа жангарилар гуруҳларини жиловлашга уринишига қарамай, Афғонистондаги террорчилик таҳдидини бартараф эта олмагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг