“Толибон” Афғонистондаги террорчилик таҳдидини бартараф эта олмади – БМТ
Олам
−
21:10 448 6 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ИШИД-Х (ИШИДнинг Хуросон бўлинмаси)га қарши операциялар ўтказиши ва бошқа жангари гуруҳларни жиловлашга уринишига қарамай, Афғонистондаги террорчилик таҳдидини бартараф эта олмади. Шунингдек, ҳисоботда Афғонистон қўшни мамлакатлар ва Марказий Осиё учун “узоқ муддатли таҳдид” солишда давом этаётганидан огоҳлантирилади. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва санкцияларни мониторинг қилиш гуруҳининг янги ҳисоботида сўз боради.
Жорий йилнинг 10 август куни Хавфсизлик Кенгаши ҳужжати сифатида эълон қилинган 38-ҳисоботда дунё бўйлаб ИШИД, “Ал-Қоида” ва уларга алоқадор гуруҳларга берилган кенг қамровли баҳо акс этган. Унинг хулосалари асосан БМТга аъзо давлатлар томонидан тақдим этилган маълумотлар ва баҳолашларга таянади ҳамда 9 июнгача бўлган воқеаларни қамраб олади. Унда айтилишича, ҳисобот даврида Жанубий Осиёда умумий террорчилик таҳдиди кучайган.
Мониторинг гуруҳининг таъкидлашича, Афғонистонда “Толибон”нинг ИШИД-Хга қарши курашиш ва бошқа гуруҳларни чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларига қарамай, кўплаб террорчи гуруҳлар ўз фаолиятини давом эттириш имкониятини сақлаб қолган.
“Ҳокимият тепасидагилар террорчилик муаммосини бартараф эта олишмади”, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, ҳужжатда ИШИД-Х ҳам “Толибон”, ҳам кенгроқ минтақа учун энг катта террорчилик таҳдиди сифатида кўрсатилган. “Толибон” ва Покистоннинг аксилтеррор операциялари ушбу гуруҳга жиддий зарбалар берган бўлса-да, мониторинг гуруҳи ИШИД-Х қайта тикланаётгани ва кўплаб қурбонларга олиб келадиган вақти-вақти билан йирик ҳужумлар уюштириш салоҳиятини қайтариб олганини билдирган.
Ҳисоботда айтилишича, ИШИД-Хнинг Афғонистон ичидаги ҳужумлари камайган, аммо Покистонда ортган. “Толибон” операциялари, айниқса Афғонистон шимолида ва йирик шаҳарларда, жумладан Қобулда гуруҳнинг айрим имкониятларини сусайтирган.
Бироқ минтақавий ҳукуматлар ИШИД-Х замонавий тактик алоқа ва ҳарбий жиҳозларга, жумладан дронлар, тунги кўриш мосламалари ва тепловизорларга эга эканини ҳамда унинг аъзолари шаҳар шароитида жанг қилиш ва дронлардан фойдаланиш бўйича тайёргарликдан ўтганини хабар қилган. Гуруҳ, шунингдек, Афғонистон шимоли томон сурилгани, Афғонистон-Покистон чегара ҳудудлари бўйлаб машғулотларни тарқатиб юборгани ва Қобул атрофида ўз иштирокини сақлаб қолгани айтилади.
Ҳисоботда ИШИД-Х томонидан ўз зиммасига олинган, Қобул марказидаги хитой ресторанида содир этилган ва 12 кишининг ўлимига ҳамда 15 кишининг жароҳатланишига олиб келган 19 январдаги портлаш тилга олинган. Шунингдек, 10 апрель куни Ҳиротдаги шиалар зиёратгоҳи олдида камида 11 кишининг ўлими ва 11 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган отишма ҳам қайд этилган. Ушбу ҳужум учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни ўз зиммасига олмаган ва ҳисоботда у ИШИД-Хга бевосита тўнкарилмаган бўлса-да, гуруҳнинг ҳазора-шиа жамоасини нишонга олиш тарихи борлиги таъкидланган.
ТҲП ҳужумлари ва “Толибон”нинг муносабати
Ҳисоботда Покистонга қарши ҳужумлари кучайиб бораётгани Қобул ва Исломобод ўртасидаги кескинликнинг асосий манбаига айланган “Техрик-е Талибон Покистон” (ТҲП) ҳақида ҳам хавотир билдирилган.
Ҳисоботга кўра, ТҲП таркибига яна иккита бўлинма ва “ТҲП Ҳарбий-ҳаво кучлари” деб таърифланган тузилмани ўз ичига олган янги тузилмани эълон қилган. Март ойида гуруҳ “Хайбар операцияси” деб номланган баҳорги ҳужумни эълон қилиб, Покистон хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолига қарши ҳужумларни кучайтиришга чақирган.
Мониторинг гуруҳининг айтишича, ТҲП Покистоннинг Бажаур округида 11 нафар хавфсизлик ходими ва бир боланинг ўлимига сабаб бўлган 16 февралдаги автомобилдаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган. Гуруҳ “Афғонистон ҳудудидан туриб ҳаракат қилгани” хабар қилинган.
Шу билан бирга, ҳисоботда “Толибон” томонидан ТҲП фаолиятини чеклаш бўйича қилинган ҳаракатлар ҳам тавсифланади.
Мониторинг гуруҳига кўра, “Толибон” гуруҳни жиловлаш мақсадида Покистон чегарасига яқин ҳудудлардан 2 000 га яқин ТҲП жангарилари ва уларнинг оилаларини Афғонистон ичкарисидаги ҳудудларга кўчирган.
Ҳисоботда келтирилишича, “Толибон” етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода парда ортидаги алоқалар орқали ТҲП раҳбарларини Покистонга ҳужумларни тўхтатишга, акс ҳолда “Толибон” қўллаб-қувватлашидан маҳрум бўлиш хавфи борлигидан огоҳлантирган.
Ушбу хулосалар Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегаралараро ҳужумлар кескинлашган бир пайтда эълон қилинган. Мониторинг гуруҳи бунга ТҲПнинг Покистонга қарши ҳужумлари сони ортгани сабаб бўлганини айтган.
“Ал-Қоида”нинг мавжудлиги сақланиб қолмоқда
Ҳисоботда айтилишича, Афғонистон ичида “Ал-Қоида”нинг мавқеи ва мавжудлиги деярли ўзгаришсиз қолган.
“Ал-Қоида” Покистонга қарши исёнида ТҲПга “мафкуравий раҳбарлик, таълим ва ёрдам” беришда давом этди, дейди мониторинг гуруҳи. 28 апрель куни “Ал-Қоида”нинг расмий медиа органи ҳам “Толибон”ни, ҳам биринчи марта ТҲПнинг Покистонга қарши операцияларини очиқчасига қўллаб-қувватлаган.
Шунингдек, БМТга аъзо мамлакатлардан бири Афғонистондаги Ал-Қоида инструкторлари ТҲП жангарилари билан биргаликда “Балужистон озодлик армияси” аъзоларини ҳам тайёргарликдан ўтказганини хабар қилди.
Мониторинг гуруҳи “Ҳинд ярим оролидаги Ал-Қоида” (AQIS) бўйича алоҳида муҳим тафсилотларни тақдим этди.
Унга кўра, AQIS тарқоқ ташкилотдан минтақавий террорчилик тузилмасига айланмоқда, молиявий ва логистик тармоқларни ривожлантирмоқда ҳамда кичик, марказлашмаган ячейкалар орқали ҳаракат қилмоқда.
Унинг раҳбарияти Қобулда қолаётгани ва уларга “тазкира” деб аталувчи Афғонистон шахсни тасдиқловчи ҳужжатлари берилгани айтилади. Мониторинг гуруҳининг таъкидлашича, бу ҳолат “Толибон ва AQIS ўртасидаги яқин ҳамкорликдан” далолат беради.
Ҳисоботда шунингдек, AQIS Покистондаги бир нечта ҳужумлар учун масъул бўлган “Иттиҳод-ул-Мужоҳидин Покистон” (IMP) ташкилотининг ўзагини ташкил этгани айтилади. Улардан бири – 9 май куни Баннудаги хавфсизлик пости яқинида содир этилган худкушлик ва автомобилдаги портлаш бўлиб, ҳисоботга кўра, 21 кишининг ёстиғини қуритган.
Замонавий қуроллар жангари гуруҳларга етиб бормоқда
Мониторинг гуруҳи “Толибон” ҳокимиятни эгаллаганидан бери Афғонистонда қолаётган йирик ҳарбий техника ва қурол-аслаҳа захиралари бўйича алоҳида хавотир билдирган.
“Катта миқдордаги замонавий қуроллар ва бошқа ҳарбий техникаларнинг мавжудлиги “Толибон” расмийларига қуролларни ТҲП ва бошқа гуруҳларга ўтказишда давом этиш имконини бермоқда”, дейилади ҳисоботда.
Баъзи аъзо давлатлар мониторинг гуруҳига замонавий қуролларнинг, жумладан тунги кўриш кўзойнакларининг тарқалиши БМТ рўйхатига киритилган гуруҳларнинг жанговар салоҳиятини оширганини ва уларни хавфсизлик кучлари учун янада хавфлироқ қилганини маълум қилган.
Ҳисоботда ИШИД-Хнинг кимёвий ва биологик қуролларга бўлган қизиқиши алоҳида ажратиб кўрсатилган.
Унда айтилишича, “Ал-Қоида” ва ИШИД узоқ вақтдан бери бундай имкониятларга эга бўлишга интилиб келган, аммо шу пайтгача бу билан боғлиқ техник қийинчиликларни енгиб ўта олмаган. Бироқ ИШИД-Х алоҳида қизиқиш билдирган ва ўтган йил давомида ўта заҳарли модда бўлган рицинни ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмаларни тарқатган.
Ҳисоботда ИШИД-Х рицин ёки бошқа кимёвий ёки биологик қуролни муваффақиятли ишлаб чиққани ёки қўллагани айтилмаган.
Мониторинг гуруҳи, шунингдек, ИШИД-Х пропагандани таржима қилиш ва тезкор тарқатиш учун сунъий интеллект воситаларидан фойдаланаётганини қайд этган. Бу жангари гуруҳларнинг материалларни кўп тилларда тарқатиш бўйича кенгроқ ҳаракатларининг бир қисмидир.
Умуман олганда, олинган хулосалар шундай хавфсизлик манзарасини тасвирлайдики, унда “Толибон” операциялари баъзи ҳудудларда ИШИД-Хни заифлаштирган, аммо Афғонистондан туриб ҳаракат қилаётган жангари гуруҳларнинг кенгроқ тармоғини йўқ қила олмаган.
Мониторинг гуруҳи алоҳида гуруҳларнинг сони бўйича ишончли рақамларни олиш қийинлигини таъкидлаб, ўз баҳолари имкон қадар аъзо мамлакатлар ўртасидаги якдил фикрни ёки турли қарашларни акс эттиришини билдирган.
Amu TV телеканалига юборган мурожаатида “Толибон”нинг бош матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ҳисобот хулосаларини рад этиб, унда тилга олинган гуруҳларнинг Афғонистонга алоқаси йўқлигини ва улар мамлакатда фаол эмаслигини айтган.
Live
Барчаси