“Толибон” қандай қилиб бунчалик тез ғалаба қилди?

Олам

image

“Толибон” вакиллари 2020 йил бошидан Афғонистон расмийлари ва ҳарбийларини пора эвазига сотиб ола бошлаган. Бу ҳақда “The Washington Post” ёзмоқда.

Қайд этилишича, толиблар Афғонистон расмийлари ва ҳарбийларига пора бериш, улардан ноқонуний қурол сотиб олиш, битимлар даражасини аста-секин ошириш орқали тез ғалабага эришган.

Афғонистонлик ҳарбийнинг нашрга маълум қилишича, толиблар ва афғон расмийлари ўртасидаги биринчи битим қишлоқлардаги кичик ҳукумат амалдорлари билан бўлган. Ҳужжатларда бу сулҳ битими сифатида расмийлаштирилган, лекин аслида “Толибон” ҳукумат қўшинларидан қурол сотиб олган.

Бир йил ичида бундай келишувлар туманлар даражасига, сўнгра Афғонистон вилоятлари марказларигача етиб борди. Натижада 2021 йилнинг ёзида вилоятлар жангсиз “Толибон”га таслим бўлди.

Ғарб ОАВга кўра, Афғонистон ҳукумати қўшинлари расман 300 мингдан ортиқ бўлган. Бироқ, аслида уларнинг ҳақиқий сони номаълум бўлиб, коррупцияга ботган Афғонистон армиясида “арвоҳ аскарлар” учун ойлик маошлари тўланган. Ушбу пуллар эса таъсир доираси катта бўлган генераллар чўнтагига кетаверган. 

Бундан ташқари, “Толибон” жангариларининг мафкуравий жиҳатдан кучли ва бир мақсад йўлида бирлашганини ҳам эсдан чиқармаслик керак.

“Толибон” ҳаракатини Форс кўрфази мамлакатларидаги исломий фондлар молиявий қўллаб-қувватламоқда”, дейди Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов “Эхо Москва”га берган интервьюсида.

Унинг қўшимча қилишича, сўнгги йилларда ҳеч ким “Толибон”га четдан қурол етказиб бермаган, чунки “бунга эҳтиёж йўқ эди”.

“Толибон” ҳукумат кучлари билан жанг қилар экан, улар Афғонистон армияси ва полиция омборларидан муваффақиятли қурол сотиб олишди, шунингдек у ердан ўқ-дориларни ҳам олишди”, дейди россиялик дипломат.

Қайд этиш керакки, Афғонистон ҳукуматига замонавий қуролларни АҚШ етказиб берган. Америка тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган Афғонистон уруши йилларида расмий Вашингтон 2 триллион доллар маблағ сарфлади.

“Толибон” даврида Афғонистон бюджети қандай қурилади, деган саволга Кабулов “қочган ҳукумат бюджетдан ҳамма пулни олиб кетмагандир”, дея жавоб берган.

“Агар бирор нарса қолган бўлса, бу бюджетнинг асоси бўлади. Афғонистон ҳеч қачон бой мамлакат бўлмаган, у даромад билан яшайди. Умид қиламанки, бу даромад гиёҳвандликдан тушмайди”, дея қўшимча қилди у. 

Қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди.

Унинг ҳозир қаерда экани маълум эмас. Бу борада турли томондан ҳар хил хабарлар келмоқда. Шу вақтга қадар собиқ Президент Ғанининг Тожикистон, Омон ва Ўзбекистонда бўлиб тургани ҳақида ахборот пайдо бўлди. Бироқ, якунда уларнинг ҳеч бири ўз тасдиғини топмади. Катта эҳтимол билан у АҚШдан бошпана олмоқчи.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1342

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг