“Толибон”га ўлим”. Аҳмад Масъуд чақириғидан кейин Афғонистонда намойишлар бошланди

Олам 18114
image

Кеча, 6 сентябрь куни кечқурун Афғонистоннинг бир қанча шаҳарларида “Толибон” ҳаракатини тан олмаган Панжшер вилоятининг Миллий қаршилик кучларини қўллаб-қувватлаш намойишлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Herat Times” хабар берган.  

Таъкидланишича, Миллий қаршилик кучлари раҳбари Аҳмад Масъуднинг “Толибон”га қаршилик кўрсатишга ундаган чақириғини қўллаб-қувватлаш, шунингдек Покистон расмийларининг толиблар билан ҳамкорлик қилиш сиёсатига қарши асосий ҳаракатлар Қобул, Дайкунди вилояти, Ғазни ва Ҳирот шаҳарларида бўлиб ўтган. 

Бундан ташқари, митинг мамлакатнинг тўртинчи йирик шаҳри Мозори Шарифда ҳам бўлиб ўтган. 

“Яшасин, Аҳмад Масъуд!”, “Толибон”га ўлим!” ва “Покистонга ўлим!” намойишчиларнинг асосий шиорлари бўлган. Намойиш пайтида содир бўлган воқеалар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 

Мамлакат Миллий хавфсизлик бошқармасининг собиқ бошлиғи Раҳматулла Набиль намойишчиларни қўллаб-қувватлаган. 

“Покистон Афғонистоннинг душмани бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Покистон ҳукуматига қарши қўзғолон ҳар бир афғон фуқаросининг миллий бурчи ва вазифаси”, деган Набиль. 

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон шимолида жойлашган Панжшер вилоятидаги Миллий қаршилик фронти лидери Аҳмад Масъуд мамлакатнинг барча аҳолисини “Толибон”га қаршилик кўрсатишга чақирганди.

Афғонистондаги вазият

АҚШнинг Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий операцияси Президент Жо Байден даврига келиб якунланди. АҚШ қўшинлари жорий йилнинг 31 август куни мамлакатни тарк этди. Бунга қадар Европанинг бошқа давлатлари, жумладан Британия ва Германия ҳам мамлакатни тарк этди. Ушбу жараён якунланмасидан “Толибон” ҳаракати пойтахт Қобулни эгаллаб, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатди. 19 август кунига келиб толиблар Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 338
Рейтинг: 3
t
×