“Толибон” дунёга чақириқ билан чиқди
Олам
−
11 Август 25962 2 дақиқа
Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати АҚШ ва бошқа мамлакатларни амалдаги ҳукуматни тан олишга ва Вашингтондаги Афғонистон элчихонасини гуруҳга топширишга чақирди. Бу ҳақда Афғонистон олий раҳбари матбуот котиби Забиҳулло Мужоҳид RTA телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
“Толибон” расмийси АҚШ билан тўғридан тўғри музокаралар ҳақида гапирган.
“Бизнинг АҚШ билан вақти-вақти билан алоқаларимиз бор. Сиз яқинда АҚШ вакилининг Қобулга келганига гувоҳ бўлгансиз. Худди шундай, бизнинг вакилларимиз Қатарга ёки бошқа давлатларга борганда, америкалик расмийлар билан учрашади. Биз улардан расмий тан олишлари ва АҚШдаги Афғонистон элчихонасини бизга топширишларини сўрадик. Ҳали ижобий жавоб олмаганимизга қарамай, афғон халқи ўз ҳуқуқларини таъминлашни истайди”, деган Мужоҳид.
У Россиянинг амалдаги Афғонистон ҳукуматини тан олганини эслатиб, бошқа давлатларни ҳам шундай йўл тутишга чақирган.
“Афғонистонда ҳеч бир давлат билан муаммо йўқ ва барча халқлар билан яхши муносабат ўрнатишга интилади. Россия Афғонистоннинг ниятларини тушунди, бу масалада ташаббус кўрсатди ва имкониятдан фойдаланди. Биз бошқа мамлакатларни ҳам шундай дадил қадам ташлашга ва Афғонистон билан алоқалар ўрнатишга чақирамиз”, дея қўшимча қилган “Толибон” расмийси.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи бошида Россия “Толибон”ни Афғонистоннинг қонуний ҳукумати сифатида расман тан олганди.
Live
Барчаси