“Толибон” БМТнинг афғон аёллари ҳақидаги ҳисоботини рад этди
Олам
−
31 Октябрь
2743Шу ҳафта Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан эълон қилинган Афғонистондаги аёллар аҳволи ҳақидаги ҳисобот ҳақиқий эмас ва пропагандага асосланган. Бу ҳақда Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
“Бу ҳисобот аниқ эмас. Афсуски, тегишли баёнотлар Афғонистондан олинган маълумотларга эмас, балки пропагандага асосланган. Бизда кўплаб аёллар бизнес ва иш билан шуғулланмоқда ҳамда ўз ҳаётида муваффақиятларга эришмоқда. Ҳали ҳам турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган ва ҳукумат таркибида фаолият юритаётган аёлларимиз бор”, деди Мужоҳид.
БМТ ҳисоботига кўра, “Толибон”нинг сўнгги уч йилда чиқарган фармонлари, кўрсатмалари ва амалиётлари аёлларнинг Афғонистон ижтимоий ҳаёти ва раҳбарлик лавозимларидан – деярли барча соҳалардан тизимли тарзда чиқариб юборилишига қаратилган.
“Бу фармонлар оқимида Афғонистонда қизлар ва ёш аёлларнинг ўрта ва олий таълим олишига ҳам тақиқ киритилган”, дейилади ҳисоботда.
БМТ, шунингдек, жамиятдан аёллар ва қизларнинг деярли тўлиқ чиқариб юборилиши, устма-уст келаётган иқтисодий ва гуманитар инқирозлар билан биргаликда аксарият афғонларнинг турмуш шароитларининг кескин ёмонлашувига олиб келаётганини таъкидлаган.
“Бу “Афғонистон бўйлаб оилаларда гендер нормаларининг ўзгариши ва руҳий саломатлик инқирозига сабаб бўлмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Толибон” муваққат ҳукумати аёлларга нафақат эркаклар, балки аёллар билан ҳам очиқчасига гаплашишни тақиқлагани хабар қилинган эди. Янги қоидага кўра, аёллар ўз овозини бошқа аёллар эшитишга йўл қўймаслиги керак. Шу боисдан Афғонистондаги аёллар Қуръонни аёллар бор жойда овоз чиқариб ўқишдан ҳам тийилиши лозим.
LiveБарчаси