“Толибон” Ашраф Ғанига таклиф билан чиқди

Олам 54254
image

“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг собиқ Президенти Ашраф Ғани ва Амруллоҳ Солиҳга амнистия таклиф қилди. Ҳаракат улар хоҳласа мамлакатга қайтиши мумкинлигини билдирган.

“Биз Ашраф Ғани, Амруллоҳ Солиҳ ва (Президентнинг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси) Ҳамдулла Моҳибни афв қиламиз. Биз генералдан тортиб оддий одамгача барчани кечирамиз”, деган ҳаракатнинг юқори мартабали вакили Ҳалил ур-Раҳмон Ҳаққоний.

Маълумот учун, Ашраф Ғани жорий йилнинг 15 август куни Қобул шаҳри “Толибон” назоратига ўтгач, истеъфога чиқиб, мамлакатни тарк этди. Бир неча кун давомида у Омон, Ўзбекистон ва Тожикистонда экани ҳақида хабарлар тарқалди. Якунда собиқ Президент БААдан бошпана топгани маълум бўлди.

Ғанининг биринчи вице-президенти Амруллоҳ Солиҳ эса мамлакатни тарк этмади. Президент йўқлигида унинг вазифасини бажариш ваколати унга ўтишини айтиб, ўзини вақтинча давлат раҳбари, деб эълон қилди. Сўнг мамлакатнинг толибларга бўйсунмай келаётган Панжшер вилоятига борди. Ҳудудда “Толибон”га қаршилик кўрсатиш ҳаракати шаклланмоқда.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланиши режалаштирилган. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1307
Рейтинг: 3
t
×