“Толибон” Афғонистоннинг яна икки ҳудудини эгаллади

Олам 9384
image

“Толибон” жангарилари Афғонистон шимолидаги Фарёб вилоятининг яна икки туманини эгаллади. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.

Фарёб вилояти депутати Бобур Жамолнинг журналистларга маълум қилишича, толиблар Карамкол, Қўрғон ва Андхой туманларига ҳужум уюштирган.

Натижада толиблар Карамкол ва Қўрғон туманларида назорат ўрнатган, хавфсизлик кучлари эса ҳудудни ташлаб кетишга мажбур бўлган. Андхой эса жанглар давом этмоқда.

Жамол ҳукумат кучлари жангариларга қаршилик кўрсатиш учун етарлича ҳаракат қилмаётганини таъкидламоқда. Шу билан бирга, толиблар ҳар уччала туманни ҳам эгаллаганини айтмоқда.

Бир кун олдин жангарилар Фарёб вилоятининг Гурзиван туманини эгаллаб олишганди.

Aфғонистон Мудофаа вазирлиги 9 вилоятда Толибон жангариларига қарши операция давомида 129 “Толибон” жангчиси ўлдирилгани, 35 киши яралангани ва 21 та портловчи мослама зарарсизлантирилганини маълум қилганди.

Aмалиёт натижасида бир нечта ҳудуд яна хавфсизлик кучлари назоратига ўтди.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 251
Рейтинг: 2.9
t
×