“Толибон” Афғонистоннинг барча кинотеатрларини ёпди – ОАВ
Олам
−
11 Ноябрь 2021
6089Афғонистонни бошқараётган “Толибон” мамлакат пойтахти Қобулда бир неча ўн йиллардан бери фаолият юритиб келган тарихий “Ариана” кинотеатрини ёпди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, толиблар бир неча ой олдин барча кинотеатрларни ёпишни буюрган. “Ариана” кинотеатрида ҳинд ва Американинг жанговар фильмлари намойиш қилинган.
Хабарга кўра, “Толибон” кинотеатрларни шариат қонунларига зид, деб топган ва уларни ёпиш қарорига келган. Кинотеатрлар диний тарғибот учун қайта очилиши ҳам мумкинлиги айтилган.
Ходимлар кинотеатрлар қайта очилишига умид қилиб, ишга чиқишда давом этмоқда, бироқ улар кўнгилочар фильмларнинг намойиш этилишига рухсат берилмайди, деб ҳисобламоқда.
“Кино жуда муҳим, усиз мамлакатда маданият бўлмайди. Фильмлар орқали биз бошқа давлатларни – Америка, Европа, Ҳиндистонни кўришимиз мумкин эди”, дейди журналистлар билан суҳбатда “Ариана” ходимларидан бири.
Эслатиб ўтамиз, толиблар Афғонистонда хорижий валютадан фойдаланишни тақиқлаганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 15 август куни мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.
Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, чет давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан келаётган ёрдам тўхтаб қолди. Бундан ташқари, минглар афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.
Шундай бир даврдан жаҳон ҳамжамияти Афғонистонни беэътибор қолдирмоқчи эмас. Бундай хатога дунё етакчилари аввал йўл қўйган. Бунинг оқибатлари айниқса АҚШнинг эсидан чиқмайди. Афғонистон террорчи гуруҳлар уясига айланмаслиги учун жаҳон етакчилари “Толибон” билан ишламоқчи, ҳатто ушбу ҳаракат БМТ томонидан террорчилик ташкилоти, деб тан олинган бўлса ҳам.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь