“Толибон” Афғонистоннинг Бадгис вилояти марказини эгаллаб олди

Олам 4824
image

“Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Бадгис вилоятининг маъмурий маркази Калайи-Нау шаҳри учун жанг олиб бормоқда. Бу ҳақда вилоят губернатори Ҳесамуддин Шамсга асосланиб хабар берилган.  

“Душман шаҳарга кирди, барча туманлар вайрон бўлди. Шаҳарда жанглар бошланди”, деган Шамс. 

Унинг аниқлик киритишича, толиблар вилоят полицияси штаб-квартираси ва Хавфсизлик миллий бошқармасининг маҳаллий бўлинмаси (Афғонистон разведка хизмати) устидан назоратни ўз қўлига олган. Бундан ташқари, бошқарма ходимларининг бир қисми кеча, 6 июль куни “Толибон”га таслим бўлган. 

Таъкидланишича, Калайи-Нау шаҳри учун кураш Эрон пойтахти Теҳронда бўлиб ўтаётган Афғонистон ҳукумати ва “Толибон” ўртасидаги музокаралар фонида бошланган. 

Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати раҳбарлари бир ой ичида расмий Афғонистон ҳукумати билан тинчлик шартномаси тузишни режалаштираётгани ҳақида хабар бергандик. 

Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қўшинларининг 90 фоизини, аллақачон, Афғонистондан олиб чиқиб кетди. Бундан ташқари, Италия ва Германия ҳам ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқиб кетган. Хорижий қўшинларнинг мамлакатни тарк этиши “Толибон” ҳаракатига устунлик бермоқда ва улар бирин-кетин мамлакат туманларини эгаллаб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, республиканинг 50-70 фоизи толиблар қўлида.

Бу эса ўз навбатида Афғонистон ҳукумати қўшинларига қийинчилик туғдирмоқда. Улар толибларга қарши жангда вақти-вақти билан чекинишга ва ҳатто, қўшни Ўзбекистон ҳамда Тожикистон ҳудудларига қочиб ўтишга ҳам мажбур бўлмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. Кеча, 5 июль куни ҳам 1000 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 146
Рейтинг: 3
t
×