“Толибон” Афғонистонга ҳарбий самолётлар юборган АҚШни огоҳлантирди

Олам 25456
image

“Толибон” ҳаракати АҚШни огоҳлантирди: ҳаракат расмий Вашингтондан Афғонистон ишларига аралашмасликни сўради. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.

Хабарга кўра, ҳаракат вакили “Толибон” ва ҳукумат ўртасида “Aфғонистонда ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишув йўқлигини” таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Aфғонистонда содир бўлаётган воқеаларга, шунингдек, бир нечта вилоятларда бошланган урушларга ҳукуматнинг ўзи айбдор. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 август куни АҚШнинг “В-52  Stratofortress” бомбардимончи самолётлари Жузжон вилоятининг Шибирғон шаҳрида “Толибон”га қарши авиаҳужум уюштирган. Aфғонистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фавад Омоннинг сўзларига кўра, бунинг натижасида 200 дан ортиқ “Толибон” жангариси, шунингдек, 100 дан ортиқ транспорт воситалари, кўп миқдордаги қурол ва ўқ-дорилар йўқ қилинган.

Афғонистонда ҳарбий ҳаракатларни тиндирмаётган “Толибон” охирги марта мамлакат шимолидаги Қундуз шаҳрини эгалаб олди. 

Қайд этиш керакки, 375 минг аҳоли яшайдиган Қундуз — жорий йилнинг май ойида ҳужум бошлаганидан буён толиблар қўлига ўтган биринчи йирик шаҳар. Шаҳар стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Уни Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ва Марказий Осиё “дарвозаси”, деб аташади. Шаҳар Тожикистон билан чегарадош.

Маълумот ўрнида, Афғонистонда ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасидаги қарама-қаршилик бир неча йиллардан бери давом этмоқда. Сўнгги кескин қуролли тўқнашувлар жорий йилнинг май ойида АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этишни бошлаганида авж олди. Қишлоқлар ва чегаранинг муҳим ҳудудларини эгаллаб олган “Толибон” йирик шаҳарларга қарши ҳужум уюштирмоқда.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 942
Рейтинг: 2.9
t
×