Қундуз бой берилди. “Толибон” яна уч вилоят марказини эгаллади
Олам
−
09 Август 2021
10044“Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрини эгалаб олди. Бу ҳақда кеча, 8 август куни CNN телеканали хабар қилди.
375 минг аҳоли яшайдиган Қундуз жорий йилнинг май ойида ҳужум бошлаганидан буён толиблар қўлига ўтган биринчи йирик шаҳар. Шаҳар стратегик томондан муҳим аҳамиятга эга. Уни Афғонистоннинг шимолий вилоятлари ва Марказий Осиё “дарвозаси” деб аташади. Шаҳар Тожикистон билан чегарадош.
“Бу Афғонистон ҳукумати учун улкан зарба”, деган телеканал.
Қундуз кенгаши депутати Амруддин Валининг маълум қилишича, вилоят маркази икки кунлик тўқнашувлардан кейин толиблар назоратига ўтган. Унинг сўзларига кўра, полициянинг маъмурий биноси ҳам толиблар қўлига ўтган. Хавфсизлик кучлари ва маҳаллий ҳукумат Қундуз аэропортига чекинган.
“Толибон” жангарилари Қундузни эгаллаб, қамоқхонадаги маҳкумларни озод қилган.
Шунингдек, кеча толиблар Сари-Пул провинцияси марказини ҳамда Афғонистон шимоли-шарқидаги Тахор вилояти маъмурий маркази Талукан шаҳрини ҳам эгаллаган.
Аввалроқ "Толибон" ҳаракати Aфғонистон жануби-ғарбидаги Нимрўз вилояти маркази Заранж шаҳрини эгаллаб олгани ҳақида хабар берган эдик. Шунингдек, жангарилар шимолдаги Жузжон вилояти маркази шибирғон шаҳрига бостириб кирганди.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь