Жангарилари рақсга тушишни дўндирган “Толибон” мусиқани тақиқламоқчи
Олам
−
27 Август 2021
21692“Толибон” ҳаракати Афғонистонда жамоат жойларида мусиқа ижро этилишини тақиқламоқчи. Бу ҳақда гуруҳнинг расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид “The New York Times” нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
“Мусиқа исломда тақиқланган”, деган Мужоҳид.
Унга кўра, толиблар бу борада босим ўтказмайди, балки аҳолига бундай ишларни қилмасликни тушунтиришга уринади. Мужоҳид, шунингдек “Толибон” уларга қарши бўлганлардан қасос олишни бошлади, дея кенг тарқалган ваҳимали хабарларни рад этган.
Афғон жамиятидаги аёллар ҳуқуқларининг келажаги ҳақида сўралганда, у аёллар узоқ муддатда ўз кундалик фаолиятларига қайтиши мумкинлигини айтган.
Бундан ташқари, Мужоҳид хориж паспорти ва виза билан мамлакатни тарк этишга уринаётган афғонистонликлар аэропортга бемалол кира олишига ишонтирган.
У, шунингдек олдин АҚШ армиясида ишлаган барча таржимонлар ва бошқаларнинг хавфсизлигини кафолатлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда “Толибон” жангариларининг Қобул шаҳрини эгаллаганидан кейин замонавий мусиқа садолари остида рақсга тушиб, маданий ҳордиқ чиқараётгани акс этган видеолар тарқалганди.
Аввалроқ, Мужоҳид Ғарб давлатлари Афғонистондан ўз фуқаролари билан биргаликда маҳаллий малакали мутахассисларни ҳам эвакуация қилаётганидан шикоят қилгани ҳақида хабар бергандик.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
LiveБарчаси