“Толибон” Афғонистонда криптовалютани тақиқлади

Олам 3888
image

“Толибон” радикал ҳаракати ҳукумати томонидан назорат қилинадиган Афғонистон Марказий банки мамлакатда криптовалюталарни қазиб олиш ва муомалага чиқаришни тақиқлади. Бу ҳақда “Bloomberg” агентлиги жума куни афғон полициясининг юқори лавозимли зобитига таяниб хабар берди.

“Марказий банк бизга барча пул алмаштирувчилар, жисмоний шахслар ва тадбиркорларга биткоин каби фирибгар рақамли валюталардан фойдаланишни тақиқлаш ҳақида буйруқ берди”, дейди Ҳирот вилояти полиция бошқармаси жиноий тергов бўлими бошлиғи Сайид Шоҳ Саадат.

Шу ой жорий этилган тақиқ давомида “Толибон” 13 кишини ҳибсга олди, уларнинг аксарияти гаров эвазига қўйиб юборилди, дейди у. Бундан ташқари, Афғонистоннинг учинчи йирик шаҳри ва рақамли токенлар савдоси маркази бўлган Ҳиротда 20 дан ортиқ криптобиржалари ёпилди.

“Bloomberg”нинг қайд этишича, афғон аҳолисининг бир қисми ўз жамғармаларини тежаш ва “Толибон” қўлига тушиб қолишининг олдини олиш учун криптовалюталар билан муомала қилганидан сўнг тазйиқлар бошланган. Криптовалюталар “Толибон”га қарши жорий этилган санкциялар туфайли глобал банк тизимидан узилган мамлакатда пул ўтказишнинг машҳур усулига айланди.

“Толибон” Афғонистонда назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли Кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиш қарорини эълон қилганидан сўнг бошлаган эди. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 7 сентябрь куни радикаллар қонунийлиги ҳали ҳеч қайси давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 52
Рейтинг: 2.8
Теглар
t
×