“Толибон” Афғонистон халқига фавқулодда мурожаат билан чиқди

Олам 53785
image

“Толибон” ҳаракати мамлакатдаги нотинчлик сабаб уйларини тарк этаётган Афғонистон халқига мурожаат йўллаб, ўзининг тинчлик йўлидаги мақсадларини маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.

“Толибон” отрядларининг тезлик билан ўсиши ҳаракатнинг машҳурлиги белгиси ҳисобланади. Агар кимда-ким “Толибон”га қарши курашган бўлса, ҳеч нарсадан хавфсирамасин. Ҳамма тинч яшаши мумкин. Биз сизларнинг биродарларингизмиз. Агар кимдир сизга “Толибон” номидан ҳужум қилса, унга чора кўриш учун зудлик билан бизнинг штабга хабар қилинг”, дея агентлик ҳаракат баёнотидан иқтибос келтирган.

Ҳаракат аҳолини уйларини тарк этмасликка, ҳукумат амалдорларини оилалари билан мамлакатдан кўчиб кетмасликка чақирган.

“Толибон” ҳукумат қўшинларининг ҳарбий хизматчиларига амнистия, хусусий ва давлат мулки дахлсизлигини ваъда қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг 34 та вилоятидан 18 тасининг марказий шаҳарларини назорат қилмоқда.

Аввалроқ Афғонистондаги вазият кескинлашуви фонида АҚШ Қобулдаги элчихонаси дипломатларини эвакуация қилиш учун мамлакатга 3 минг нафар қўшин киритишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик.

Бундан ташқари, ОАВда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани яқин вақтлар ичида халқига мурожаат йўллаб, сўнг мамлакатни тарк этиши ҳақида хабарлар тарқалганди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1503
Рейтинг: 3
Теглар
t
×