“Толибон” Ҳиндистон уларга ҳаводан зарба берганини айтмоқда
Олам
−
31 Июль 2021
17858“Толибон” вакили Забихулло Мужоҳид Ҳиндистондан қилинган ҳужум ҳақида хабар берди. Бу ҳақда у ўзининг Twitter саҳифасида ёзган.
Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон Ҳаво кучлари Ҳелманд вилояти маркази Лашкаргоҳ шаҳрига ҳаво ҳужумини уюштирган. Ҳужум тинч аҳоли шифохонасига қилинган.
“Толибон” вакилининг қайд этишича, одатда толиблар жойлашган жойга ҳаво ҳужумлари мунтазам равишда Афғонистон ҳукумат қўшинлари томонидан амалга оширилади.
Илдизи Россияда бўлган “Спутник” нашрига кўра, Ҳиндистон ҳарбийлари сўнгги ҳафталарда Афғонистондаги урушга қўшилган ва жангариларга аниқ зарбалар бермоқда. Нашр ўз хабарида бу жараёнларда Марказий Осиё давлатларининг қўли борлигига ишора қилган.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида Ўзбекистон ва Россия Қуролли Кучлари ҳамкорлигидаги ўқув машғулотлари бошланган. Ушбу жараёнлар 30 июлдан 10 августгача ўтказилади. Машғулотлар давомида икки давлат ҳарбийлари шартли душманнинг яширин базаларини қидириб топиш ва йўқ қилиш, улар томонидан эҳтимолий ҳужумлар амалга оширилганда, уни бартараф этиш каби вазифаларни бажаришади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь