Токио Олимпиадасида Ўзбекистон байроқдори кимлар бўлади?

Спорт

image

XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг очилиш маросимда афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобоусмон Ботуров Ўзбекистон делегациясининг байроқдорлари бўлади. Қайд этиш жоиз, Оксана Чусовитина ёзги Олимпия ўйинларида байроқдор бўлган дастлабки ўзбекистонлик аёл спортчи сифатида тарихдан жой олмоқда.

Оксана Чусовитина Барселона-1992 Олимпия ўйинлари чемпиони, уч карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби саналади. Қаторасига етти марта ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган ер юзидаги ягона аёл гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлари китобига киритилган. Токио Олимпиадасидаги иштироки сабабли мутлақ рекордчига айланмоқда. Аллақачон дунё гимнастикасининг афсонасига айланган Чусовитина, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони эгаси ҳисобланади. 

Оксана Чусовитинага бокс бўйича Осиё чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионати совриндори, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Бобоусмон Ботуров ҳамроҳлик қилади

Аввалги мусобақада Баҳодир Жалолов Ўзбекистон байроқдори бўлган эди. Жорий йилги очилиш маросимининг сценарийсига кўра, барча давлатлардан 1 нафардан эркак ва аёл спортчилар ўз мамлакатлари байроғини олиб чиқади. Бу Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан тарғиб қилинаётган гендер тенглик сиёсатининг амалда татбиқ этилиши сифатида қаралмоқда. 

Маълумот ўрнида, XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 23 июль куни Тошкент вақти билан соат 16:00 да Токиодаги “Олимпия” стадионида бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ Оксана Чусовитина Баҳодир Жалолов Токио-2020 Бобоусмон Ботуров

Баҳолаганлар

374

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг