Токио-2021: сенсацияларга бой теннис баҳслари ўз якунига етди 

Спорт 2798
image

Токио Олимпиадасининг теннис баҳслари ўз якунига етди. Эркаклар ўртасидаги Финалда германиялик Александр Зверев россиялик Карен Хачановни мағлуб этди ва олтин медални қўлга киритди.

Дунёнинг бешинчи рақамли ракетка устаси Зверев ҳамда жаҳон рейтингида 25-ўринни эгаллаб турган россиялик Хачанов ўртасидаги финал 6:3, 6:1 ҳисоби билан якунланди.
Бу ҳар иккала теннисчининг фаолиятидаги биринчи Олимпиада эди.

Учинчи ўринни испаниялик Пабло Каррено-Буста эгаллади. У бронза медали учун ўтказилган беллашувда дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси сербиялик Новак Жоковични таслим қилди.

Зверев Германия тарихида эркаклар ўртасида яккалик баҳсарида Олимпиада чемпиони бўлган биринчи теннисчига айланди. Бунга қадар 1988 йилда Стеффи Граф аёллар ўртасида яккаликда, 1992 йилда Борис Беккер ва Михаель Стейх жуфтликда олтин медални қўлга киритган эди.

Россия тенниси тарихида эса фақатгина Мария Шарапова финалга қадар етиб борган. 2012 йилги Лондон Олимпиадасида Серена Уилямс уни мағлубиятга учратган. 

Аёллар ўртасидаги финалда швейцариялик теннисчи Белинда Бенчич чехиялик Маркета Вондроусовани мағлуб этиб, Токио Олимпиадаси ғолиблигини қўлга киритди. Бронза медаль украиналик Элина Свитолинага насиб этди.

Марк Россе (1992) яккаликда, Рожер Федерер ва Стенислас Вавринка (2008) жуфтлик бахсларида олтин медални қўлга киритган эди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 71
Рейтинг: 2.9
t
×