Токио-2020: эртага ўзбек атлетлари 10 йўналишда медаллар учун курашади. 

Спорт 4009
image

Аввал хабар берганимиздек, Токио Олимпиадасининг дастлабки кунги беллашувлари ўзбекистонлик спортчилар учун муваффаққиятсиз якунланди. Эртага, 25 июль куни ўзбек атлетлари 10 та йўналишда медаллар учун курашади.

Даставвал, 2000 метр масофага эшкак эшиш баҳсларида 6 терма жамоа ичида 4-натижани қайд этган Шаҳбоз Холмирзаев ва Собиржон Сафаралиев Тошкент вақти билан соат 06:10 дан бошлаб ўтиш баҳсларида иштирок этади. Соат 06:15 да эса таеквондонинг -68 кг вазн тоифасида иштирок этувчи Улуғбек Рашитов ўз уринишини бошлайди. Рашитовга Мали терма жамоаси вакили Сейду Фофана рақиблик қилади. Баҳс ғолибини кореялик Ли Даэ Хун кутиб турибди. 

Соат 07:00 да бокс бўйича аёллар ўртасида -51 кг вазнда Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган Турсуной Раҳимова польшалик Сандра Драбикка қарши рингга чиқади.

Икки нафар ўзбек дзюдочилари ҳам худди шу вақтда даянга кўтарилади. Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида Диёра Келдиёрова моғулистонлик Сосорбарам Лхагвасурен билан, эркаклар ўртасида -66 кг вазнда Сардор Нуриллаев молдовалик Денис Виеру билан беллашади.

Соат 09:00 дан бошлаб велоспортчи Ольга Забелинская ўз иштирокини бошлайди.

Спорт гимнастикасининг таяниб сакраш йўналишида 8-марта Олимпия ўйинларига йўлланма олган жаҳон рекордчиси Оксана Чусовитина иштирокидаги дастур 13:05 да бошланади.

Юқорида таъкидланганидек, эртага бокс бўйича беллашувлар ўтказилади. -64 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Эльнур Абдураимов ашаддий рақибларидан бири моғулистонлик Чинзориг Баатарсухга қарши жанг қилади. Беллашув тахминан соат 15:20 атрофида старт олади. Соат 16:45 да -81 кг вазн тоифасидаги боксчи Дилшод Рўзметов ирландиялик Эмметт Бреннан билан “ҳисоб-китоб” қилади.

Оғир атлетиканинг -67 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Адҳамжон Эргашев ўзининг иштирокини соат 15:50 да бошлаши кутилмоқда.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 200
Рейтинг: 2.9
t
×