Токио-2020: бугун ўзбекистонлик спортчиларда медаллар учун имконият қандай?
Спорт
−
29 Август 2021
6606Бугун, 29 август куни Токио шаҳрида ўтаётган паралимпия ўйинларида 12 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларга киришади.
Пара пауэрлифтинг бўйича 88 кг вазнли атлетлар ўртасида Фарҳод Умрзоқов финал босқичида ўз иштирокини бошлади.
Пара сузиш бўйича эркаклар ўртасида С13 классда 50 метр масофага эркин усулда сузиш бўйича саралаш баҳслари якунланди.
Унда 2 нафар иштирок этган икки нафар ўзбекистонлик сузувчи финал йўлланмаси учун баҳс олиб борди. Ислам Асланов 23,90 сония вақт билан ўз гуруҳида 1-ўринни эгаллади ва финал босқичига йўл олди. Музаффар Турсунхўжаев эса 24,62 сония вақт сарфлаган ҳолда маррага 4-бўлиб келди ва финалга йўлланмани қўлга кирита олмади. Финал баҳслари бугун Тошкент вақти билан соат 14:11 да бошланади.
Шунингдек, оғир вазнли дзюдочилар ҳам ўз юришини бошлади. Эркаклар ўртасида 100 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Шариф Ҳалилов чорак финалда Буюк Британия вакили Кристофер Скеллига қарши татамига чиқди.
Ҳалилов ушбу баҳсда иппон баҳоси эвазига мағлуб бўлди. Бироқ у бронза медали учун курашни давом эттиради ва ўтиш баҳсида япониялик Ёшиказу Матсумото рақиблик қилади.
Илк босқичда Шариф Ҳалилов озарбайжонлик Канан Абдуллаханлига қарши кураш олиб борган ва “олтин очколар”га қадар давом этган баҳсда рақиби устидан иппон баҳоси эвазига ғалаба қозонганди.
Эркаклар ўртасида -90 кг вазн тоифасида чорак финалда иштирок этган Шуҳрат Бобоев британиялик Эллиот Стюартга мағлуб бўлди. “Олтин очколар”га қадар давом этган беллашувда ўзбекистонлик дзюдочи пассивлиги учун 3 марта огоҳлантирилди. Натижада Стюарт ғолиб, деб топилди. Энди Бобоев ҳам бронза медали учун курашни давом эттиради, қозоғистонлик Жанбота Аманжол рақиблик қилади.
Биринчи даврада Шуҳрат Бобоев молдовалик Олег Кретулга қарши татамига чиқиб, вазари баҳоси эвазига ғалаба қозонган эди.
LiveБарчаси