Эътирофдаги Паралимпия, “сузиб кетган” пуллар ва қимор тарғиботи – Спорт дайжести
Спорт
−
15 Сентябрь
10860Ўзбекистон қизиқ давлат. Бир томонда жасорат, матонат эгалари имконияти чекланган бўлса ҳам характер кўрсатиб, дунё саҳнида юрт довруғини юксалтиришга уринса, иккинчи томонда маълум бир мансабдор мамлакатда спортни ривожлантиришга ажратилган пулларни сохта буйруқлар билан ўзлаштириб, оила аъзоларини Туркияга дам олишга жўнатади. Яна бир тарафда Олимпиадада мамлакатлараро тотувликни мустаҳкамлаб, ўзбек мураббийи қўшни давлат раҳбаридан машина олиб турса, иккинчи тарафда маълум бир ташкилот спортга ставка қилдирадиган компанияни шаҳар марказларидаги экранларда реклама қилади.
Ўзбекистон учун муҳим воқеликларга бой бўлган яна бир спорт ҳафтаси якунланмоқда. Олдинда эса ўзбек спортчиси учун яна бир синовли ва машаққатли старт олиш арафасида. Чунки келаётган ҳафтада Ўзбекистон FIFA таснифига кирувчи йирик мусобақани ўзида қабул қилади ва ўша турнирда иштирок этувчи спортчиларга, яъни футзалчиларга ҳам алоҳида ишонч билдирилган.
Отабек Умаров ООК вице-президентлигига сайланди
Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳлида Осиё Олимпия кенгашининг 44-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди ва унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви – Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг (ООК) Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистон аъзо бўлган Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Миллий Олимпия қўмитаси маълум қилди.
Шунингдек, ассамблея кун тартибига мувофиқ ташкилотнинг бошқа раҳбарлик лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди. Ташкилотнинг муваққат раҳбари бўлган Ража Рандҳир Сингх президент этиб сайланди.
Тадбирда Отабек Умаров қитъа спорти жаҳонда янада катта эътирофга сазовор бўлаётгани, бунинг исботи ўлароқ Париж-2024 ёзги Олимпиада ўйинларида Осиёнинг 4 давлати топ-15 таликдан жой олгани, Президент Шавкат Мирзиёевнинг спортни қўллаб-қувватлашлари билан Ўзбекистон ўз тарихида энг яхши натижани қўлга киритганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, билдирилган ишончни оқлашга, минтақада Олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини янада кенг тарғиб қилишга ваъда берди.
Маълумот учун, бунгача Отабек Умаров “Тошкент-2025” ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича вице-президент бўлган. Агар бу вақтинчалик лавозим мусобақа охиригача амал қилса, Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президент лавозими доимий характерга эга бўлади. Энди Умаров қитъанинг бешта минтақасидан бирида Олимпия спортини ривожлантириш учун жавоб беради.
13 рақами кўпчиликка ёқмас, лекин Ўзбекистонга жуда ёқяпти – Абдулла Арипов
Кеча, 9 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги Тошкент Халқаро аэропортида Париж-2024 Паралимпиадасида иштирок этган ўзбекистонлик параспортчиларни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов сўзга чиқиб, эришилган натижалар билан барчани табриклади.
Тадбир давомида Ўзбекистон делегацияси байроқдори, уч карра Паралимпиада чемпиони, байроқдор Ҳусниддин Норбеков Бош вазирга мамлакат байроғини топширди.
“13 август куни Ўзбекистон байроғини паралимпиячиларимизга топшириб, Париждаги баҳсларда омад тилагандик. Параспортчиларимиз 189 та давлат вакиллари ичида 13-ўринни эгаллаб, ёруғ юз билан юртимизга қайтди. Олимпиадада 13-ўрин, Паралимпиадада 13-ўрин эгалланди. 13 рақами кўпчиликка ёқмас, лекин Ўзбекистонга жуда ёқяпти”, дейди бош вазир.
Маросимда Арипов Ўзбекистон байроғини Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмитаси раҳбарларига топшириб, 2028 йил АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида ўтадиган баҳсларда натижалар янада яхшиланишидан умидворлигини билдирди.
Маълумот учун, Ўзбекистон паралимпиячилари Парижда ўтган баҳсларда ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Баҳслар давомида 65 нафар параспортчи 10 та олтин, 7 та кумуш ва 9 та бронза, жами 26 та медаль тўплади.
“Сеҳрли 13”. Ўзбекистонга омадли келган рақам бўйича фактлар
Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган XXXIII Олимпиада ва XVII Паралимпиада ўйинларида Ўзбекистон делегацияси 13 рақами билан боғлиқ бир қатор кўрсаткичлар қайд этди.
Жумладан, ҳам Олимпия, ҳам Паралимпия делегацияси баҳсларда умумжамоа ҳисобида 13-ўринни эгаллади. Олимпиадада ўзбекистонлик спортчилар жами 13 та медаль тўплади.
Олимпия ва Паралимпия ўйинларида медаль қўлга киритган ўзбекистонлик аёл спортчилар сони 13 нафарни ташкил этди. Паралимпия ўйинларида совриндор бўлган эркак спортчилар сони ҳам 13 нафар бўлди.
Тошкент, Андижон ва Бухорода жамоат транспортлари бепул бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 майдаги 195-сонли “2024 йилги Футзал бўйича Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ 14 сентябрдан 6 октябрга қадар Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтадиган футзал бўйича FIFA Жаҳон чемпионати мухлислари учун жамоат транспорти бепул бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Жаҳон чемпионати учун аккредитациядан ўтган шахслар, мундиал ўйинларига чипталари мавжуд бўлган хорижий ва маҳаллий мухлислар учун темир йўл чипталарига 50 фоиз миқдорида чегирмалар жорий этилади.
Жумладан, жаҳон чемпионатига аккредитациядан ўтган ва ўйинларга чипта сотиб олган фуқаролар шаҳар жамоат транспортидан бепул фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун улар аккредитация карталари ёки чипталарни тақдим этиши керак.
Шунингдек, 10 сентябрдан 10 октябрга қадар “Тошкент – Бухоро”, “Тошкент – Андижон – Тошкент”, “Андижон – Бухоро – Хива – Андижон”, “Андижон – Бухоро – Қўнғирот – Андижон” ва “Андижон – Термиз – Андижон” йўналишларида ҳаракатланувчи йўловчи поездларга қўшимча 4 тадан йўловчи вагонлари уланади.
Сузиш федерацияси мансабдори давлат пулидан яқинларини Туркияга дам олишга жўнатди
Ўзбекистон сузиш федерацияси мансабдор шахслари томонидан сузиш спорти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан терма жамоа аъзоси бўлмаган, аслида федерация Бош котиби А.Г.нинг оила аъзолари бўлган Н.Г., М.Г ва бошқа жами 15 нафар фуқароларни Туркия давлатига дам олишга юборилиб, 405 млн сўм маблағ талон-торож қилинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, амалда ўтилмаган ўқув/машғулот йиғинлар учун сохта буйруқлар асосида 458 млн сўм маблағлар ўзлаштирилган.
Бундан ташқари, федерацияга халқаро мусобақа ва ўқув машғулотлари ўтказиш учун ҳомийлар томонидан ажратилган 1,2 млрд сўм маблағлар мақсадсиз сарфланиб, талон-торож қилинган.
Тошкентда онлайн қиморни реклама қилган ташкилот жазоланди
Рақобат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “Hamkor reklama servis” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида ташқи реклама конструкциялари орқали букмекерлик реклама товар белгиси кўрсатилган ҳолатлар аниқланиб, чора кўрилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, мазкур ҳолат юзасидан “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар, шу жумладан телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланган ҳолда ташкил этиладиган қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар рекламасига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.
Ҳолат юзасидан махсус комиссия томонидан “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 46-моддаси талаблари бузилганлиги юзасидан “Hamkor reklama servis“ МЧЖга нисбатан иш қўзғатилиб, қўмита ваколатлари доирасида қонунчиликда белгиланган тартибнинг максимал миқдорида молиявий жарима қўлланилиб, тўпланган ҳужжатлар жавобгарлик масалаларини кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилди.
LiveБарчаси