Тоғли Қорабоғ мавҳумлик томон қадам ташламоқдами?
Таҳлил
−
30 Октябрь 2020
9526Секин бошланиб узоқ давом этаётган уруш... Озарбайжонлар ва арманлар ўртасида узоқ тарихий ва маданий илдизларга эга бўлган бу зиддият СССРдаги қайта қуриш йилларида миллий ҳаракатларнинг кескин тус олиши фонида янги босқичга кўтарилди. 1988 йил охирига келиб, ҳар иккала республика аҳолисининг катта қисмини ушбу можаро ўз домига тортди ва бу Тоғли Қорабоғнинг маҳаллий муаммосини “очиқ миллатлараро қарама-қаршиликка” айлантирди.
1992 йил 30 январда СССР қулаши билан мустақилликни қўлга киритган Арманистон ва Озарбайжон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича кенгашга(ҳозирги ЕХҲТ – таҳр.) қўшилди, бу эса ушбу халқаро ташкилотга Тоғли Қорабоғдаги можарони ҳал қилишдаги тинч йўлларни излаш билан шуғулланишига имконият яратди.
Шу мақсад ўлароқ 1992 йилда ЕХҲТ доирасида Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш йўлларини излашга қаратилган Минск гуруҳи ташкил этилди. АҚШ, Россия ва Франция бу гуруҳнинг ҳамраислари ҳисобланади. Минск гуруҳи саъй-ҳаракатлари натижасида 1994 йилга келиб дипломатия бу урушни бир муддатга музлатиб қўйишга эришган эди.
“Мумиёланган” уруш қайта тирилди
Бироқ Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар 2020 йилнинг 27 cентябридан қайтадан авж олди. Қарсак икки қўлдан чиқади деганларидек, жорий ҳолатнинг вужудга келишида иккала томоннинг ҳам етарлича айби бор. Расмий Баку ва Ереван бир-бирини ҳарбий ҳаракатларни бошлаш, аҳоли пунктларини ўққа тутишда айблаб келмоқда. Ахборот асрида уруш иштирокчиларининг бир-бирини айблаши табиий, лекин инсонлар жабр кўрмоқда, шуниси ачинарли.
Қайтадан бошланган урушдан сергак тортган Минск гуруҳи яна фаоллашди
Минск гуруҳи доирасидаги биринчи сулҳ битими Путин ташаббуси билан жорий йилнинг 10 октябрь куни Москвада Россия, Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари иштирокида тузилди. Учрашув натижасига кўра икки тараф 10 октябрдан ўқ узишни тўхтатишга келишиб олишди. Афсуски, бу фойда бермади ва тарафлар дарҳол бир-бирини битим шартларини бузишда айблашни бошлади. 2020 йилнинг 18 октябрдан кучга кириши керак бўлган иккинчи уруниш ҳам тинчлик фойдасига ишламади.
Навбат учинчи битимга. Бу сафар АҚШ омадини синаб кўрди. Вашингтонда Арманистон ва Озарбайжон ўртасида ўқ узишни тўхтатишга қаратилган учинчи сулҳ имзоланди. Мамлакатининг муваффақиятли уринишидан руҳланган Оқ уй вакили Роберт О’Брайн (АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси) ўзининг Twitter саҳифасида шундай пост қолдирди: “Ҳаётлар сақлаб қолинади”. Афсуски, қурол яна ғалаба қилди ва Вашингтон ташаббуси ҳам аввалги иккиси каби мағлубиятга юз тутди.
Можаро марказига БМТ чиқмоқчи. Бу ечимми ё мавҳумлик...
ЕХҲТнинг Минск гуруҳи 1992 йилда бу можарони ҳал қилишга киришганига қарамасдан ҳалигача арзигулик натижага эришолмагани сабабли ечим сифатида БМТнинг тинчликни ўрнатиш бўйича операцияси кўп эсланяпти. Баку ҳам Ереван ҳам Тоғли Қорабоғдаги можарони ҳал қилишда БМТнинг тинчликни ўрнатиш операцияси ўтказилишига қаршимаслигини таъкидлаб улгурган. БМТнинг Тоғли Қорабоғда бу операцияни бошлаши ҳам осон жараён эмас, бунинг учун Хавфсизлик кенгашининг мандати керак бўлади.
Мандат ҳам тузилди дейлик кейинчи-кейин бундан бирор фойда чиқадими ёки ЕХҲТнинг Минск гурухи каби таназзулга юз тутадими?
Бундай истеҳзоли савол пайдо бўлишини изоҳлаш учун БМТ тарихида ўтказилган тинчликни ўрнатиш операциялари тақдирига назар солсак.
Исроил ва Фаластин. Араб-Исроил можаросининг ўзаги ҳисобланган Исроил ва Фаластин ўртасидаги ҳудудий муаммони ҳал қилишга қаратилган БМТнинг тинчликни ўрнатиш операцияси 1948 йилда бошланган ва бугунги кунгача давом этиб келмоқда.
Ливан. 1978 йилда Исроил “Литани” ҳарбий операцияси натижасида Ливаннинг жанубий ҳудудларини эгаллаб олган эди ва шу сабабли 1978 йилда БМТ Ливанда тинчликни ўрнатиш операциясини бошлаган ва ҳанузгача давом этиб келмоқда.
Ҳиндистон ва Покистон. Бу икки давлат 1947 йилда мустақилликни қўлга киритгандан буён ўзаро тинимсиз зиддиятлар давом этиб келяпти ва вазиятга БМТнинг тинчликни ўрнатиш операцияси аралашувига қарамасдан бу можаро ҳам ҳозиргача долзарб.
Бундай мисоллар етарлича ва ундан жабр кўраётганлар ҳам ундан кам эмас. Демак, БМТ операциясига ҳам катта умид билан қараб бўлмайди.
Афтидан, бундай вазиятда расмий Баку ва Ереван ҳақиқатан тинчлик ўрнатишни хоҳлаши керак. Негаки, кейинги сулҳлар шуни кўрсатдики, икки давлат тинчликка келишмасидан туриб, қарама-қаршилик чизиғида ўт очиляпти. Бу улар шунчаки халқаро ҳамжамият олдида тинчликка интилаётгандек кўриниш учун сулҳ тузди деган хулоса чиқаради.
Хатто уларни тинчликка ундаётган давлатлар ҳам буни шунчаки мажбурият бўлгани учун қилаётгандек. Қорабоғдаги вазиятни кузатиб борувчи экспертларнинг тахминига кўра, Россия Баку ва Ереванни тинчликка ҳам чақиряпти, зарурат туғилганда уларни қурол-яроғ билан таъминлашни ҳам канда қилмаяпти.
Эскитдан маълумки, қози можарога борган икки томондан ҳам “совға” олиб қўйган бўлса, у масалани еча олмайди. Бундай вазиятда қозини ўзгартириш керак. Балки Тоғли Қорабоғ можаросида ҳам ҳакамларни ўзгартириш керакдир...
Фаррухжон Муродқулов
LiveБарчаси